Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Халқаро она тили куни муносабати билан адабий-бадиий кеча ташкил этилди.

Унда дипломатик корпус вакиллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари иштирок этди.

Тиллар ўзаро мулоқот, тушуниш ва фикрлаш воситаси сифатида ўтмиш, бугунги кун ва келажак ўртасидаги боғлиқликни акс эттиради. Шу боис мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари ўз она тилларида бемалол сўзлашиши, урф-одати, санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳуқуқи кафолатланган. Ўзбекистонда таълим етти тилда олиб борилади.

– Ўзбекистонда 56 та қирғиз тилида таълим бериладиган мактаб бор, – дейди Республика қирғиз миллий маданий маркази раиси ўринбосари Абиба Юнусалиева. – Мактаблар учун қирғиз тилидаги дарсликлар бюджет ҳисобидан нашр қилинади ва ўқувчиларга тарқатилади. Ундан ташқари бадиий адабиётлар ҳам чоп этилади. Радио ва телевидениеда қирғиз тилида кўрсатув ва эшиттиришлар бериб борилади. Мамлакатимизда турли миллат вакиллари учун яратилган бундай имконият ва шароитдан жуда мамнунмиз.

Тадбирда миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган дастурлар намойиш этилди. Ўзбек, озарбайжон, бошқирд, рус, украин, поляк ва бошқа тилларда шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА