Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кейинги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида халқимизнинг азалий орзу-интилишларига ҳамоҳанг ва уйғун ҳолда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Олдимизга қўйган бундай улуғвор вазифани амалга оширишда биз энг аввало қадимий тарихимиз ва бой маданиятимизга, юксак инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган миллий ва диний қадриятларимизга таянишимиз табиийдир. Айниқса, эл-юртимиз доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб оладиган, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муқаддас Рамазон ойининг бу борада алоҳида ўрни ва аҳамияти борлигини таъкидлаш лозим.
Бутун дунё мусулмонлари қатори халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
2023 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 23 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширсин.
Ҳудудларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилсин.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев