Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда 2022 йил давомида маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев, А.Иноятов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПФ–6110-сон Фармони билан тасдиқланган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвалига мувофиқ 2022 йилда 136 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда 2023 йилда яна 140 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.

3. Белгилансинки:

оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган таклифларига мувофиқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил қилинади;

ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади;

оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланади;

2022 йил 1 майдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади;

аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар
ва патронаж хизмати фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди.

4. 2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури такомиллаштирилсин. Бунда янгиланган “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида:

олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги шифокорларга бўлган талабни маҳаллалар кесимида аниқлаш, шифокорларни жалб этиш ва эҳтиёжга кўра келгусида уларга уй-жой ажратиш чораларини кўрсин.

Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда янгиланган олис ва чекка ҳудудлар рўйхатини тасдиқласин.

5. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилсин.

Белгилансинки:

якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;

якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади;

якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш талаблари ва унинг фаолиятини молиялаштириш тартибини тасдиқласин ҳамда амалиётга жорий қилсин.

6. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилсин.

Белгилансинки, пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.

7. 2022 йил 1 августдан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинсин. Бунда:

ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;

ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади;

ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг тиббиёт кўрсаткичларидан келиб чиқиб, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизимини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий қилсин.

8. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинсин.

Белгилансинки:

туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида;

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот беради.

9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (О.Фозилкаримов) 2022 йил 1 октябрга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги тиббий жиҳозларни хатловдан ўтказсин.

Бунда:

носоз тиббий жиҳозларни аниқлаб, уларни соз ҳолатга келтириш ёки янгисига алмаштириш учун зарур маблағларни ҳисоб-китоб қилиш;

Соғлиқни сақлаш соҳаси учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тиббий жиҳозлар ҳисобини ва назоратини юритиш бўйича электрон дастур (платформа)ни 2022 йилда Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида жорий этиш ҳамда тажриба натижалари бўйича 2023 йилдан бошқа ҳудудларга босқичма-босқич татбиқ этиш чораларини кўрсин.

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) хатлов натижасидан келиб чиқиб, тиббий жиҳозларни (физиотерапевтик, лаборатор, текширув ва бошқалар) соз ҳолатга келтириш ёки янгилаш учун зарур маблағларни ажратиш бўйича таклиф киритсин.

10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев):

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва бериладиган дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобил иловани яратсин ва амалиётга жорий қилсин;

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг нейрохирургия бўлимлари негизида юридик мақомга эга бўлмаган ҳудудлараро нейрохирургик марказларни ташкил этсин.

11. Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, шахсий намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) икки ой муддатда “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирни амалга ошириш учун зарур маблағларнинг Давлат бюджети ҳисобидан ажратилишини таъминласин.

13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Ф.Шарипов) билан биргаликда ҳар йили 1 000 нафаргача имтиёзга эга бўлмаган, узоқ йиллар давомида давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган бемор тиббиёт ходимларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқори технологик операцияларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Ф.Шарипов) икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган тиббиёт ходимларини даволашга юбориш тартибини тасдиқласин.

14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш. Иноятов, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари О.Р. Фозилкаримов, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Ф.Р. ШариповҚорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

           Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 25 апрель