Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муборак Қурбон ҳайитининг халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтиришдаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни улуғлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль – сешанбага тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2021 йил 20 июль куни Қурбон ҳайити байрами этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–6122-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ПФ–6222-сон Фармони билан 2021 йил 21–22 июль кунлари ҳам дам олиш кунлари сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитини карантин талабларига амал қилган ҳолда халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда оила даврасида ўтказиш афзаллиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 13 июль