Ҳиндистонда бокс бўйича катталар ўртасида давом этаётган “Indian Open” халқаро турнирида чорак финал беллашувлари якунланди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этди. Чорак финалнинг 52 килограммгача вазн тоифасида Худойназар Файзов ҳиндистонлик Мавиа Лалдин устидан йирик ҳисобда зафар қучган бўлса, вазни 64 килограммгача бўлган Иқболжон Холдоров мезбон спортчиси Ашишни мағлубиятга учратди.
Вазни 69 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Бобоусмон Ботуров непаллик Гала Биншу Прасадга ҳеч қандай имконият қолдирмади. 75 килограммгача вазн тоифасида тажрибали спортчимиз Исроил Мадримов афғонистонлик Ҳамид Азизини енгди.
Энди халқаро турнирнинг ярим финал баҳсларида Худойназар Файзов филиппинлик Марвин Табамога қарши рингга кўтарилса, Иқболжон Холдоров ҳиндистонлик Дииражни синовдан ўтказади. Бобоусмон Ботуров яна бир мезбон боксчи Синг Неги билан, Исроил Мадримов эса Ҳиндистон шарафини ҳимоя қилаётган Мандиз Жангра билан рақобатлашади.
Шунингдек, Баҳодир Жалолов ва Тойрак Ортега (Куба), Абдулҳай Шораҳматов ва Эташ Хон (Ҳиндистон), Санжар Турсунов ва Сумит Сангван (Ҳиндистон) ўзаро финал йўлланмаси учун куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА