Хитой пойтахти Пекинда давом этаётган қишки Олимпия ўйинларининг 13 февраль кунги дастуридан ўрин олган йўналишлар бўйича баҳслар ўз поёнига етди.
Мамлакатимиз спорт ихлосмандларининг диққат-эътиборида бўлган тоғ чанғисининг гигант слалом мусобақаларида ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди.
Мазкур йўналишда 90 нафар атрофидаги иштирокчилар оқ олимпиаданинг медаллари учун кураш олиб боришди.
Мураккаб об-ҳаво шароитида ўтган баҳсларда уларнинг деярли тенг ярми белгиланган маррани босиб ўта олишмади.
Қувончлиси, «Ice River» трассасидаги мусобақаларнинг биринчи ва иккинчи босқичида омадли қатнашган 46 нафар спортчи орасида ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев номи ҳам қайд этилди.
У илк стартда 1:12.77 натижа билан 35-ўринда жойлашди. Иккинчи стартда эса белгиланган масофани 1 дақиқа 14.72 сония ичида босиб ўтди ва 27-ўринни эгаллади ва иккита уринишнинг умумий натижасига кўра, 2:27.49 ни ташкил этган тарзда 29-поғонани банд этди.
Тоғ чанғисининг гигант слалом йўналишида ғолиблик масофани 2.09,35 да бехато кесиб ўтган швейцариялик Марко Одерматтга насиб этди. Словения шарафини ҳимоя қилган Жан Кранес 2.09,54 кўрсаткич билан 2-ўринни, маррага 2.10,69 да етиб келган франциялик Матё Февр 3-ўринни қўлга киритди.
Аҳамиятли жиҳати, Комилжон Тўхтаев ушбу натижаси билан Қишки олимпия ўйинларидаги ўз шахсий рекордини янгилади.
Тўрт йил муқаддам 2018 йили Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида ўтган Қишки олимпия ўйинларида у 52-ўринни эгаллаганди.
Бугунги ўтказилган мусобақалардан сўнг, медаллар жамғариш бўйича Норвегия, Германия ва АҚШ жамоалари етакчилик қилмоқда.
XXIV қишки Олимпия ўйинларининг совринли ўринлари учун кураш бўладиган 14 февраль кунги мусобақалар дастурига биноан 4 та йўналишда медаллар учун яна 4 тасида эса саралаш беллашувлари давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз Тўхтаев энди 16 февраль куни ўтадиган тоғ чанғисининг слалом беллашувларида олимпия медаллари учун баҳсларга киришади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА