Туркманистонда навбатдан ташқари президент сайлови шу йилнинг 12 мартида бўлиб ўтади, деб маълум қилди мамлакат Марказий сайлов комиссияси раҳбари Безирген Караев РИА Новостига.
Куни кеча Туркманистон парламенти юқори палатасининг навбатдан ташқари мажлисида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бошқарувида ёш раҳбарларга йўл бериш зарурлиги ҳақида баёнот берди.
«Мен мамлакат ривожининг янги босқичида давлат бошқарувида бой маънавий муҳитда тарбия кўрган ва замон талабига мос ёш раҳбарларга йўл бериш кераклиги бўйича фикрни қўллаб-қувватлайман», — дея келтиради Бердимуҳамедовнинг сўзларини ТДХ агентлиги ўз сайтида.
Туркманистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссияга Туркманистон конституцияси ва қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда тегишли ишларни бошлаш топшириғи берилган.
«Туркманистон президентининг топшириғига биноан, мамлакатнинг Марказий сайлов комиссияси 12 мартда бўлиб ўтиши мўлжалланган навбатдан ташқари президент сайловига тайёргарликни бошлади», – деган телефон орқали Республика Марказий сайлов комиссияси раҳбари РИА Новостига.
Туркманистон президентлигига Туркманистонда дунёга келган, ёши 40 дан кам бўлмаган, давлат тилини биладиган, охирги 15 йилда Туркманистонда доимий яшаб келган ва ишлаган фуқаро сайланиши мумкин. Туркманистон президенти Туркманистон халқи томонидан 7 йилга сайланади ва қасамёд қабул қилиши билан ушбу вазифани бажаришга киришади. Туркманистонда сўнгги президент сайлови 2017 йилда бўлиб ўтган эди. Қонун бўйича навбатдаги президент сайлови 2024 йилда бўлиши керак.