Европага қимматга тушиши мумкинми?

Россияга қарши янги санкциялар жорий этилса, Европанинг энергетика, савдо, саноат ишлаб чиқариши соҳалари, банк ва бозорлари зарар кўриши мумкин. Бу ҳақда Британиянинг “Financial Times” газетаси маълум қилди.
Сиёсатчилар Ғарб Россия иқтисодиётига нисбатан киритилган санкция оқибатига тайёр эмаслигидан огоҳлантиради. Нашр таъкидлашича, бу Европа Иттифоқи учун савдо муносабати бузилишига олиб келиши, инфляцияни ошириши, Европа корхоналари фаолиятини чеклаши, технология етказиб берувчиларга ва кредиторлардан тортиб, хом ашё манбаларигача бўлган турли нуқталарга таъсир қилиши мумкин.
— Танглик кучайиши Европа ҳудуди иқтисодиётини ҳам қўзғатади, — дейди Европа марказий банки раҳбари Кристин Лагард. Зеро, иқтисодий нуқтаи назардан тинчлик ҳар қандай урушдан кўра яхшироқ.

Маълумки, Россия ЕИга энг йирик энергия ресурси етказиб берувчи ҳисобланади. Европа табиий газ импортининг, қарийб, 40 фоизи, хом нефть импортининг, деярли, учдан бир қисми Россия Федерациясига тегишли.

“BCS Global Markets” компаниясининг етакчи нефт ва газ таҳлилчиси Роналд Смит сўзига кўра, ҳозир газ захираси тарихий даражадан паст. Сўнгги ойларда нарх кескин кўтарилиши Россияга қўшимча имконият бермоқда.

— Ҳақиқат шуки, Европада Россия газининг ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ, — дейди Роналд Смит.
Брюсселда жойлашган “Bruegel” таҳлил маркази ЕИ ёзгача газ таъминотидаги кенг кўламли узилишнинг олдини олмаса, Германия сингари мамлакатларда қисқа муддатда бошқа энергия манбасига ўтиш имконияти чеклангани сабаб, муаммолар юзага келишини айтди.

Янги санкция қўлланса, “BP”, “Total” ва “Shell” каби нефт гуруҳлари, шу қаторда, Европа Иттифоқи ҳам стратегик хом ашё танқислигига дуч келиши мумкин.

Дарвоқе, яна бир қизиқ факт бор: “Airbus” компанияси ўзига керакли титаннинг, тахминан, 30 фоизини Россиядан олади.

Таъкидлаш жоиз, Россия ва Украина ўртасидаги кескинлик бу йил фонд бозоридаги ўзгарувчанликка сабаб бўлди. Минтақадан манфаатдор компаниялар сўнгги ҳафталарда акция нархи пасайганига гувоҳ бўлди.

Европа марказий банки, шунингдек, кредиторлар ҳам хавф остида эканлигидан огоҳлантирилди. Халқаро ҳисоб-китоб банки Россия компанияларининг ЕИ банкларидан, қарийб, 60 миллиард доллар қарзи борлиги, бу АҚШ банкларидан тўрт баробар кўплигини маълум қилди.
Агар тўлашдан бош тортилса, Россия ташкилотлари томонидан ЕИ банкларига жойлаштирилган йирик қиймат музлатилиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, Россияга нисбатан халқаро тўлов тизимидан четлаштириш ёки АҚШ долларидан фойдаланишни чеклаш чораси кўрилиши Европадаги рақобатчи агентларга ҳам таъсир қилади.