БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида бир қатор тренинглар ўтказмоқда.

Жумладан, шу йилнинг 7-11 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида чорвачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш каби мавзуларда бешта тренинг ўтказилди.

Оролбўйи минтақасининг 120 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари, асосан, аёллар ва ёшлар иштирок этган ўқув машғулотларида деградацияга учраган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, минерал ва органик ўғитлардан тўғри фойда олиш, боғ барпо этишнинг агротехнологиялари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, чорва ҳайвонлари касалликларининг олдини олиш, самарали озуқа рационини яратиш, хўжаликларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

– Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб этиш агросаноат мажмуасини янада жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади, – деди Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси вакили Адиба Аҳмеджанова. – Тренингда иштирокчилар қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, соҳадаги ўзгаришлар ва бу йўналиш яшил иқтисодиётга ижобий таъсир қилишига ишонч ҳосил қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида ҳам шу каби тренинглар ўтказилган эди. Унда балиқчилик ва қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимоя қилувчи технологиялар мавзуси кўриб чиқилди. Келгусида худди шундай хайрли иш Республиканинг Қўнғирот туманида ҳам ўтказилади.

ЎзА