Хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим масалалардан бири сифатида доимий эътиборда бўлиб келади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия 2021 йил давомида хотин-қизларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида қатор ишлар амалга оширди.

Жумладан, 15 нафар аёлнинг республикадаги махсус тиббиёт марказларида даволаниши учун йўлланма олиб берилди. 2 нафар хотин-қизнинг фарзандларини республика юрак касалликлари шифохонасида туғма юрак етишмовчилиги бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказишларига кўмаклашилди. Энг муҳими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда энг чекка ҳудудлардаги “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га кирган 100 нафар хотин-қизнинг касаначилик йўналишида бандлиги таъминланди.

Ушбу маълумотлар парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг 2021 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган йиғилишида қайд этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, комиссия томонидан ўтган даврда аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди. Хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, уларнинг ечими юзасидан зарур чораларни кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада комиссия аъзолари томонидан ҳудудларда жами 6 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари”нинг юритилиши, ушбу рўйхатга киритилган хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдам ва берилаётган имтиёзлар ҳолати ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида “Аёллар дафтари”ни юритишда йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган бўлса, айрим эҳтиёжманд аёлларга моддий-маънавий кўмак берилди.

Бундан ташқари, ўтган даврда комиссия қўмиталар билан ҳамкорликда оила, аёллар ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларида, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан тегишли мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.

Қонун ижодкорлиги жараёнида комиссия аъзолари Қонунчилик палатасида кенг муҳокама этилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари”, “Таълим тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда фаол иштирок этди, таклифлар билан қатнашди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА