Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи доирасида Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан ҳам учрашди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қўшнилар, вақт синовидан ўтган ҳамкорлардир. Халқларимиз нафақат яқин қўшни, балки қардош сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича азалдан бир-бирларини тушуниб, қўллаб-қувватлаб келган. Ўтган йиллар давомида давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб бормоқда.

Турли даражадаги алоқаларнинг фаоллашуви мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини англатади.

Ҳар иккала мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўзаро биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари кейинги йилларда янада изчиллик билан ривожланиб бормоқда.

Суҳбат чоғида Маулен Ашимбаев икки давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни таъкидлаб, уни қонун чиқарувчи ҳокимият билан юқори даражадаги алоқалар орқали янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

— Президентларимиз шарофати билан Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Шу билан бирга, парламентлараро мулоқот муҳим аҳамиятга эга. Шу боис парламентларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик барқарор ва ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг келишуви натижасида ташкил этилган Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ҳам икки томонлама парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга қўшимча суръат бағишлайди, — деди Маулен Ашимбаев.
Ўз навбатида, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Ўзбекистон томони Қозоғистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлашини таъкидлади. Шунингдек, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Суҳбат чоғида мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга келишиб олдилар.

М.Комилова, ЎзА