Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс билан учрашди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон – Латвия кун тартибидаги кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар. Жумладан, сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар парламентлараро алоқани мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва илмий-гуманитар алмашинув кўламини кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

– Ўзбекистонга бу гал Латвия ташқи ишлар вазири раҳбарлигидаги жуда катта делегация ташриф буюрган, – деди А.Комилов. – Таъкидлаш керак, Ўзбекистон ва Латвия сиёсий йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа турли соҳалардаги алоқаларни янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу боис делегация таркибида, айниқса, салмоқли бизнес жамоатчилиги, 30 дан зиёд йирик савдо-иқтисодий, молиявий тузилмалар, компаниялар раҳбарлари борлиги қувонарли. Албатта биз Латвия ҳукуматининг Ўзбекистонга нисбатан расмий илиқ муносабатини, мамлакатимизга бўлган юксак ишончи, шерикликни кенгайтиришга бўлган интилишини беҳад қадрлаймиз.

Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини кенгайтириш зарурати, хусусан, бир қатор ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш, айниқса, Латвия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантлари ва Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш ҳамда бандлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳаларини кўриб чиқишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ўзаро савдо тузилмасини диверсификациялаш бўйича келишилган чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидладилар. Иқтисодий дипломатияни, жумладан, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро савдо миссиялари ташкил этиш орқали янада рағбатлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

– Ўзбекистонга охирги марта келганимдан буён бирмунча вақт ўтди, – деди Э.Ринкевичс. – Республиканинг бугунги кундаги ютуқлари, кейинги йиллардаги кенг кўламли, изчил исоҳотлар натижасида мамлакатда юз берган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, тўғриси, бизни лол қолдиряпти. Қайд этиб ўтишим керак, Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари, ҳатто, пандемия даврида ҳам узилгани йўқ. Биз доимий мулоқотни нафақат давом эттирдик, балки фаоллаштиришга ҳам муваффақ бўлдик. Энг муҳими, бугун ҳар икки томонда ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга қизиқиш бор.

Вазирлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида протокол имзоланди.

Музокара якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА