Фармон ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

2021 йилнинг 9 ноябрида Шотландиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтган БМТининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 26-конференциясида иссиқхона газларини камайтириш бўйича барча давлатлар томонидан шошилинч чоралар кўрилиши муҳимлиги ҳақида сўз борган эди.

Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов таъкидлаганидек, Париж келишуви доирасида Ўзбекистон 2010 йилга нисбатан 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олади.

Миллий даражада амалга оширилаётган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва ислоҳотлардан ташқари, бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг 2030 йилгача яшил иқтисодиётга ўтиш ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. 2017 йилдан БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ва Глобал экологик фонд грант маблағлари кўмагида «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини яхшиланган, арзон ва экологик тоза яшаш шароитлари билан таъминлашдан иборатдир.


Президентимизнинг 2018 йил 14 ноябрдаги  “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги формонига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча уй-жой қурилиши объектлари лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш босқичида энергия тежамкор ва энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозланиши лозим. Лойиҳанинг кўмаги туфайли республика ҳудудларининг қишлоқ уй-жойлари қуришда энергия тежайдиган технологиялардан фойдаланиш, энергия тежамкорлигини оширади ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради.

Бундай «яшил» биноларни лойиҳалашнинг асосий тамойили иссиқлик йўқотилишини камайтириш учун илғор технологиялардан фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларида, хусусан, қуёш энергиясида ишлайдиган маиший ускуналардан фойдаланиш ҳисобланади. Ушбу биноларни қуришда базальт толаси асосидаги минерал жундан тайёрланган иссиқлик изоляция материаллар қўлланилади. Бинонинг мустаҳкам изоляцияланган ташқи конструкциялари қишда иссиқ ва ёзда ёқимли салқинликни сақлайди.

Қишлоқ жойларидаги уй-жой давлат қуриш дастури доирасида 2020 йилда Тошкент, Наманган, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қурилган 22 та тўрт қаватли 24 хонадонли уйларнинг томида, GEF грант маблағлари ҳисобидан 600 ватт қувватга эга қуёш фотоэлектр тизимлари (қуёш панеллари) ўрнатилган. Ушбу қурилмалар хонадонларни ёритиш, қувватлаш мосламалари, телевизор ва музлатгич учун электр энергияси билан таъминлайди.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги шундай хонадонлардан бирининг эгаси Феруза Шокирова ўзининг яшаш тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Бу йил биз табиий газ ва электр энергияси учун тўловларни сезиларли даражада тежадик. Биз асосан қуёш панеллари энергиясидан уйларимизни ёритиш, телевизор томоша қилиш ва шахсий қурилмаларни зарядлаш учун фойдаланамиз. Бундай уйларда ҳарорат осонгина назорат қилинади, – деди у.

Бухоро вилояти Пешку туманидаги «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кам таъминланган оилалар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида хонадонлар берилмоқда.

– Қизим Раъно билан шундай уйда имтиёзли хонадон сотиб олганимиздан хурсанд бўлдик, – деди Навбаҳор маҳалласидаги энергия тежамкор ва кам углеродли 22-уйда яшовчи Раҳима Салимова. – Кундалик эҳтиёжимиз учун қуёш панелларидаги электр энергиясидан фойдаланамиз. Бундан ташқари, маҳаллий маиший техника ушбу қуёш батареялари қувватида ҳеч қандай муаммосиз ишлайди.

Қурилиш соҳаси вакиллари таъкидлашича, мамлакатимизда, айниқса, қишлоқ жойларда бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши иқтисодиёт барқарорлиги, жамият фаровонлиги ва қулай муҳитни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг муҳими, 2021 йилда Ўзбекистонда 30 минг энергия тежамкор хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида қуриладиган энергия тежамкор уйларида яна 60 минг хонадон фойдаланишга топшириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА