Айни кунларда футбол бўйича мамлакат миллий чемпионатининг суперлигаси мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин ва ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда.

Хусусан, бугун Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионда Халқаро назорат-синов баҳси ўтказилди. Ўйингоҳга тўпланган 10 мингдан зиёд миллионлар ўйини ихлосмандлари Наманганнинг «Навбаҳор» ва қўшни Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг “Алай” жамоалари ўртасидаги ажойиб ўйинга гувоҳ бўлди.

Яқинда Туркиянинг Анталия шаҳрида халқаро ўқув-йиғинларини ўтказиб қайтган «Навбаҳор» клуби учун мазкур учрашув янги мавсум олдидан яна бир синов вазифасини ўтади. Айни шу боисдан ҳам Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штаби майдонга асосан жамоа сафига эндигина келиб қўшилган футболчиларни тушириб, синовдан ўтказиб олди.

1-таймда Грузиялик легионер Элгужа Григалашвилининг 19 ва 24-дақиқаларда қайд этган дубли билан мезбонлар танаффусга 2:0 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетди.

2-таймни ҳужумкор руҳда бошлаган «Навбаҳор»чилар стадионни яна ларзага келтирди. Тожикистонлик легионер Эҳсони Паншанбе 46-дақиқада ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Аммо орадан бир дақиқа ўтиб-ўтмасиданоқ қирғизистонлик футболчилар ўртадаги фарқни биттага қисқартиришга эришди.

Беллашувнинг 57-дақиқасида Иброҳим Ғанихонов фаоллик кўрсатиб, «Навбаҳор»нинг йирик – 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабасини таъминлади.

Маълумот ўрнида, «Навбаҳор» жамоаси мавсум бошлангунига қадар навбатдаги хорижий йиғинга, тез кунларда яна Туркия давлатига йўл олади.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА