Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти «Age Tashkent» лойиҳасини ишга туширди.

Бу ҳақда ҳокимлик Матбуот хизмати хабар берди.

Унда танланган вақт оралиғини ёки аниқ йилни қўллаган ҳолда Тошкентдаги биноларнинг ёшини аниқлаш имконияти мавжуд.

Лойиҳадан фойдаланиш бўйича оддий йўриқнома: харитада сизни қизиқтирган бинони топинг, белгиланг ва керакли маълумотларга – қурилиш санаси, бинонинг тури (турар жой биноси, маъмурий бино) ва бошқа маълумотларга эга бўлинг.

Қурилган йилига қараб барча бинолар турли рангларда белгиланган. Экраннинг ўнг қисмида берилган диапазондаги, масалан, 1944 ва 1998 йиллар оралиғида қурилган биноларни кўрсатиб турувчи “градусник” жойлашган.

Биноларнинг ранги ҳам тасодифан танланган эмас. Қадимгироқ бинолар тўкилувчи материаллар – сомон ва лой рангида акс эттирилган.

Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади.

Шунингдек, Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган.

Қайд этилишича, бинонинг ёши ёки бошқа маълумотларида хатолик топсангиз, у ҳақида қайта алоқа орқали маълумот беринг, бу дастурчиларга маълумотлар базасини созлаш ва такомиллаштириш имконини беради.

Экраннинг чап қисмидаги қулф белгисига босиб “Сирли хонани” очинг. У Тошкентнинг чегараларини йилидан келиб чиқиб, кўрсатиб бера олади. Унда барча туманлар, шаҳар атрофидаги қалъа девори, 12 та дарвоза, шунингдек, маданий мерос объектларининг археологик ҳамда кўчаларнинг замонавий номлари кўрсатилган.

«Age Tashkent» лойиҳаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти  мутахассислари меҳнатининг натижасидир. Лойиҳа Тошкентнинг бой тарихи, унинг меъморий ва археологик меросини кўриб, ҳақиқий баҳо бериш имкониятини беради.

Хабарга кўра, лойиҳа Нидерландияда ишлаб чиқилган, сўнгра Европа ва Россияда кенг тарқалган «Building Age Maps» челленж ғояси асосида шакллантирилган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида илк бор Ўзбекистонда бундай интерактив карта ишга туширилгани ҳам катта янгилик бўлди.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА