Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари – «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти Константин Лимитовский ўртасида жорий йил 28 январь куни учрашув бўлиб ўтди.

– С.Саифназаров ОИИБ билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланаётганини қайд этиб, меҳмонларга сув таъминоти соҳасида илғор “ақлли” технологияларни жорий этган ҳолда банк билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берди, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари А.Муродов.

– Жумладан, бугунги кунда ОИИБ иштирокида “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 437,6 миллион доллар бўлиб, шундан 385,1 миллион доллар ОИИБ маблағлари ҳисобланади. Лойиҳа доирасида 2192,7 киломтер ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1 та ичимлик суви олиш иншооти, 43 та ичимлик суви тарқатиш иншоотлари, 3 та сув минораси, 613,3 киломтер оқова сув қувурлари ва тармоқлари, 6 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 67 та оқова сув насос станцияларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида Бухоро вилоятидаги 1 миллион 140 минг нафардан зиёд аҳоли марказлаштирилган тоза ичимлик сув, 165 минг нафар аҳоли эса марказлаштирилган оқова сув хизматлари билан таъминланади. Шу билан бирга, айни пайтда ОИИБ иштирокида умумий қиймати 824,2 миллион долларга тенг бўлган 3 та истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. “Қорақалпоғистон Республикасида ичимлик ва оқова сув тизимини яхшилаш ва модернизация қилиш”, “Хоразм вилоятида ичимлик ва оқова сув тизимини яхшилаш ва модернизация қилиш”, “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш (2-босқич)” лойиҳалари шулар жумласидандир.

Тадбирда томонлар мазкур учрашув икки томонлама ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Н.Бозорова, ЎзА