Юртимиз кўчаларида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар сони ҳам, тури ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Буни ҳар куни ўзимиз кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз. Улар орасида юртимизда ишлаб чиқарилаётган машиналар билан бирга, хориждан импорт қилинган енгил автомобиллар ҳам кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга 26 та хорижий давлатлардан қиймати 588,2 миллион долларга тенг бўлган 27 067 та енгил автомобил импорт қилинган. Енгил автомобиллар импорти 2020 йил билан солиштирилганда, 1 348 тага ошган.

Ўтган йилда Ўзбекистонга енгил автомобилларни энг кўп импорт қилган давлатлар бу — Хитой (8 880 та), Корея (6 472 та), Россия (4 539 та), Қозоғистон (4 470 та), Польша (1 204 та), АҚШ (490 та), Литва (428 та), Таиланд (250 та), Германия (115 та) ва Япония (97 та) ҳисобланади.

Шунингдек, 2021 йилда юртимизга 809 та электромобиль импорт қилинган.