Сўнги вақтларда авиачипта билан боғлиқ муаммолар сони ортиб бормоқда. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг маълум қилишича, сурхондарёлик фуқаро Й.Тожимуродов ҳам шундай муаммо билан федерацияга сим қоққан.

Мурожаатда қайд этилишича, 8 фуқаро 11 528 000 сўм эвазига Денов шаҳридаги авиакассадан Россия Федерациясига бориш учун чипта харид қилган. Аммо ресй бекор қилиниб, фуқаролар Россияга бора олишмайди. Фуқаролар бекор бўлган парвоз чиптасининг пулини қайтариб олиш учун бир неча бор авиакассага мурожаат қилади, лекин бирор ўзгариш бўлмайди. Мурожаат ўрганилиб, авиачипта учун тўланган маблағ истеъмолчиларга тўлиқ қайтарилди.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Ш.М эса “Media Park” дўконидан бўлиб тўлаш шарти билан телефон харид қилган. Бироқ, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, телефон аппаратида носозлик аниқланади. Ш.М бу борада бир неча бор дўкон ходимларига мурожаат қилса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

Мурожаатни Федерациянинг Ғиждувон туман жамияти ходимлари ўрганиб, телефон тадбиркор томонидан сифатли таъмирлаб берилди.

ЎзА