Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг баёнотига кўра, 2022 йил ўрталаригача ер юзи аҳолисининг 70 фоизини эмлаш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг ЖССТ тавсияси асосида тайёрланган кўрсатма хатига мувофиқ, мамлакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида 2021 йил 17 ноябрдан бошлаб тўлиқ вакцина курсини олган фуқаролар (2 ёки 3 марта эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланмоқда.

Хўш, бустер доза нима ўзи? Бустер доза тўлиқ эмланган фуқароларнинг касалликка қарши иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида яна қайтадан бир маротаба оладиган вакцина дозаси бўлиб, биринчи дозани олган контингиент 6 ой ўтгандан сўнг бустер доза қабул қилиши лозим. Аввал қандай вакцина билан эмланганидан қатъи назар, бустер дозани вакцинанинг ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда олиши мумкин.

Маълумот учун, ҳозирги кунда мамлакатимизда 7 турдаги вакциналар мавжуд – фуқаролар истаган вакцина тури билан эмланиши мумкин. Мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш пунктларида бустер доза билан эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА