Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йил 1 январдан Тошкент шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Ижроия қўмитаси директори лавозимига тайинланган Руслан Мирзаевни қабул қилди.

Вазир Р.Mирзaeвни лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Ўзбекистон томони ШҲТнинг терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашда аъзо давлатлар ҳамкорлигини таъминлаш бўйича асосий органи ҳисобланган МАТТ фаолиятига муҳим аҳамият қаратишини таъкидлади. Руслан Мирзаевнинг миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, мустаҳкамлаш йўлидаги ўзига хос хизматларини, мутахассис сифатидаги бой тажрибасини алоҳида қайд этди.

– Ташқи ишлар вазирлиги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Минтақавий аксилтеррор тузилмасини доимо қўллаб-қувватлаб келган, – деди А.Комилов. – МАТТ фаолияти нима учун муҳим? Агар хавфсизликни таъминланмасак, биз асосий мақсадларимизга эриша олмаймиз. Яъни, ҳудудимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмаса, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишлардаги шерикликни ривожлантириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Айни пайт жорий йил кузда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган ШҲТ саммитини юқори савияда ўтказиш бўйича тайёргарлик жараёнига жиддий эътибор қаратганмиз.

Ўз навбатида Р.Мирзаев Ўзбекистонда шахсан давлат раҳбарининг ШҲТ МАТТга нисбатан алоҳида эътиборини, қолаверса ҳукумат, ТИВ ва бошқа ҳамкор вазирлик, идоралар ҳам доимо ташкилотни қўллаб-қуватлашини эътироф этди.

– Тузилма ва вазирлик ўртасида изчил алоқалар шаклланган, деди у жумладан. – Бундан буён шериклик кўламини янада кенгайтиришимиз зарур. Келгусида тизимли ва самарали ҳамкорлик давом этишига ишонамиз.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, илгари эришилган келишувлар ижроси ва турли даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар жадвали муҳокама қилинди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА