Кундалик газеталар билан танишиб борар эканмиз, бир ўй кўнгилдан ўтаверади: обуна “оқсаётган” бир даврда матбуот, ОАВ ўз ўқувчилари ишончини оқлаяптими?.. Газеталарда жамият муаммолари, одамлар дарди ёритиляптими?..

“Янги Ўзбекистон”да эълон қилинган “Инвестициялар самарадорлиги ва ташқи савдо фаолияти муҳокама қилинди”, “Ҳурлик ва тараққиёт” каби шарҳ, саҳифа эътиборни тортади. “Вакцина – ягона имконият!” мақоласида бугунги куннинг муҳим мавзуси бўлган коронавирус ва эмлашнинг самаралари ҳақида сўз боради. “Шукроналик ҳисси рукнида берилган “Аҳиллик ва ҳамжиҳатлик – осуда ҳаёт, фаровон турмуш пойдевори”, “Меҳрдан нурафшон бўлган қалблар” мақолалари бугунги кун қиёфаси акс этгани билан эътиборни тортади.

“Халқ сўзи” юртимиздаги ижтимоий – сиёсий жараёнларни ёритишга алоҳида эътибор қаратган. “Маҳалла: ўтмиш, бугун, келажак…”, “Лойиҳага муносабат қандай?”, “Вазифалар ижросида халқ вакилларининг ўрни қай даражада бўлиши керак?” каби мақолалардаги фикр-мулоҳазалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, газета орқали Ўзбекистон Республикасининг “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қарори билан ҳам танишасиз.

“Ishonch” ўз ўқувчиларига қизиқарли мақолалар билан юзланади. “2022 йил учун жамоа шартномасининг умумий макети ишлаб чиқилди” саҳифасида келтирилган муҳим қайдлар йил давомида сизга асқотади. “Ватан ва эл ҳимояси – буюк, эзгу, шарафли ва муқаддас бурч!”, “Таътилда саёҳат”, “Ижтимоий масканларсиз янги мавзе ёхуд муаммолар ўчоғига айланаётган ҳудудга қачон эътибор қаратилади?”, “Кўрпамизга қараб оёқ узатайлик!”, “Касса олдидаги тирбандликлар” каби мақолаларни ҳам қизиқиш билан ўқийсиз.

«Жамият»нинг янги йилимиздаги илк сонида ҳам ўқувчини қизиқтирадиган, мулоҳаза юритишга чорлайдиган мақолалар анчагина. Журналист Анвар Самадовнинг “Бошпанаси борнинг бошоғриғи йўқ” мақоласи “инсоний қадр” ҳақида. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, “Жамият”нинг бугунги сонини бир бошдан мароқ билан ўқий бошлайсиз. Бирор мақола, саҳифани четлаб ўтолмайсиз. Мундарижага эътибор беринг: “Бу замонда ҳеч кимга ишонч йўқ”, “Ғалаёнлар инсониятга наф келтирмаган”, “Фикрий ялқовлик ёки “прикол”лар билан тўйинаётган миялар”, “Эзгу сўзга ташна қалб”, “Ҳавога соврилган миллиардлар” “Сескантирадиган сериаллар”, “Халқ артисти шундай бўлади”, “Уч ойлигини бермасанг, бола пули қани?”. Бу мақолаларни ўқувчи шунчаки мутолаа қилмайди. Уларда бугунги кунимизнинг, жамиятнинг дарди бор. Ўқувчини мулоҳаза, мушоҳада қилишга чорлайди. Минг афсуски, газета бор-йўғи 1507 нусхада нашр бўлмоқда.

“XXI asr” газетаси Ватан ҳимоячиларига бағишлаб чиройли саҳифа берган. Газетанинг бугунги сонида ўқувчи мириқиб мутолаа қиладиган мақолалар анча. “Фахрийлар кенгаши: тажрибаси ҳикмат, ҳар ўгити олтин”, “Ширинлик ортидаги аччиқ таъмдан қўрқмайман”, “Ҳунарманднинг елкасига офтоб тегяпти”, “Президент мукофоти Нобелдан юқоридир” мақолалари шулар жумласидан.

“Oʻzbekiston ovozi”дан “Ерда ҳам, осмонда ҳам ватанни севадиганлар”, “Эркак ва ожизлик”, “Ўзбекистон касаллар мамлакати эмас!”, “Карантин йўқ, ниқоб бор” каби мақолаларни мароқ билан ўқийсиз.

“Milliy tiklanish” нафақат янгича кўриниши – дизайни билан балки мақолаларнинг ранг-баранглиги ва долзарб, муҳимлиги билан ҳам эътиборни тортади. “Президентнинг уч юзта мақсади”, “Темир маҳалла – темир миллат”, “Ислоҳотлар талабига мувофиқ келадими?”, “Қозоғистон фожиаси” каби мақолалар ўқувчи эътиборини ўзига тортади. Беназир шоирларимиз – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиеванинг Ватан, Юртга бағишланган шеърларини ўқиб, кўнглингиз ғурурланиб кетади.

“Qishloq hayoti”ни варақлаб, юртимиз қишлоқлари, ундаги ҳаётни кўрасиз. “AGRO EKSPORT BARAKA” МЧЖ Россияга бодринг экспортини бошлади”, “Сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда”, “Бешариқнинг қудратли сув манбаи”, “Нориннинг фермер шоири” мақолалари ўқувчини беэътибор қолдирмайди. “OMIKRON” – энг юқумли вирус”, “101 огоҳлантиради: эътиборсизлик офатга сабаб бўлмасин!” мақолалари инсонга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган хавф-хатардан огоҳлантиради.

Бугунги газеталарни ўқинг, янги кун ҳавосидан нафас олинг…

А.Нарзуллоев, ЎзА