Венгрия олтита озиқ-овқат маҳсулотининг нархини 2021 йил 15 октябр даражасида белгилаб қўйди, деди мамлакат бош вазири Виктор Орбан парламент мажлиси якунлари бўйича берган баёнотида.

«Бугун биз олтита озиқ-овқат маҳсулоти – шакар, буғдой уни, кунгабоқар ёғи, чўчқа гўшти, товуқ гўшти ва сигир сутига нархни шакллантиришда аралашишга қарор қилдик. Бу дегани, ушбу маҳсулотларнинг нархи 2021 йил 15 октябргача бўлган даражага қайтиши лозим. Февраль ойидан бошлаб, барча савдо дўконларида нархлар шундай бўлиши керак», – деди Орбан видеомурожаатида.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат ушбу чорани Европада юз бераётган энергия инқирози туфайли энг зарур озиқ-овқатлар нархи ошиб кетишидан фуқароларни ҳимоя қилиш учун қўлламоқда. Орбаннинг таъкидлашича, бундан аввал ҳам Венгрия бензин нархи ошишини чеклаб қўйганди ва айни пайтда коммуналь тўловларни ҳам арзонлаштириш чораларини кўрмоқда.