Бундан бир неча йил аввал Ҳиндистон ҳукумати 20 та шаҳарни “Ақлли шаҳар”га айлантиришга ваъда берган эди. Айни дамда бу ғоя аста-секин ҳаётга татбиқ этила бошланди. Танлаб олинган шаҳарларнинг 13 таси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан энг ифлос шаҳарлар рўйхатига киритилган эди.

“Ақлли шаҳар”лар рўйхатига Деҳли, Махараштра штатидаги Пуна, Раджастхан штати маъмурий маркази Жайпур, Орисса штати маркази Бхубанешвар, Тамилнад штатидаги Ченнаи, Мадхья-Прадеш штатидаги Бхопал шаҳарлари ҳам бор. “Ақлли шаҳарлар”да умумий ҳисобда 35 миллион киши истиқомат қилиши айтилади.

Кришна дарёси соҳилларида Амаравати деб номланган «ақлли шаҳар” сингапурлик қурувчилар томонидан барпо этилмоқда. Янги мегополис бир вақтлар бананзор, ўрмон ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилган ҳудудда қад ростламоқда. Меъморлар режасига кўра, юқори технологиялар жорий этиладиган мазкур шаҳар Сингапурга ўхшаб кетади. Шу билан бирга шаҳар ичидан оқиб ўтувчи дарё ва унда сузувчи қайиқлар Амараватини ҳинд Венециясига айлантиради.

Мегаполис атрофида еттита йўлдош шаҳарча қад ростлайди. Йўлдош шаҳарчаларнинг ҳар бири иқтисодиётнинг маълум соҳасига ихтисослаштирилади. 2035 йилга бориб мегополис ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларида 11 миллион киши истиқомат қилиши, 3 миллион 300 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.

Амаравати шаҳрида иккита аэропорт, минг километрлик автомобиль йўллари, 300 километрлик велосипед ва пиёдалар йўлаклари қурилади. Метро билан қўшиб ҳисоблаганда ўта тез ҳаракатланувчи поезд йўлларининг умумий узунлиги 135 километрни ташкил қилади. Шаҳарда қуриладиган барча иншоотлар маҳаллий аҳолининг урф-одат ва анъаналарига мос келиши кўзда тутилган.

Шаҳар маҳаллаларга бўлинади. Хукумат идоралари четроқда жойлашади. Губернатор қароргоҳи атрофида дам олиш боғи қурилади. Боғ атрофида эса бир ва икки қаватли ҳукумат бинолари барпо этилади. Умумий ҳисобда давлат идораларида 62 минг киши ишлаши кутилмоқда. Мегополисда осмонўпар бинолар бўлади. Дарё соҳилларида кенг жамоатчилик вакилларининг дам олиши учун кўнгилочар жойлар, шу билан бирга яшил ҳудуд барпо этилиши кўзда тутилган. Дам олиш боғи шаҳар ҳудудининг 40 фоизини эгаллайди.

“Келажак шаҳри” лойиҳасини Сингапурнинг Surbana Jurong Private Ltd. компанияси ишлаб чиққан. Компания раҳбарияти Амаравати шаҳри Ҳиндистондаги илк “ақлли шаҳар” бўлишига ишонмоқда. Кузатувчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда бўлажак шаҳардаги ерлар нархи 15 баробар кўтарилиб кетган. Минтақа ҳукумати маҳаллий фермерлардан 12,5 минг гектар ер сотиб олди. Тўғри, фермерларга пуллар бирданига эмас, яқин ўн йилликларда берилади. Шундан сўнг ерларнинг учдан бир қисми инфратузилмалари билан бирга ўз эгаларига қайтарилади.

Мегаполис Андхра-Прадеш штатининг маъмурий марказига айланади. Маълумки, штатнинг аввали пойтахти Ҳайдаробод шаҳри ўтган йилда ҳукумат қарорига кўра, штатдан ажралиб чиққан эди. Ҳайдаробод ажралиб чиққанидан сўнг аҳолисининг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қилувчи штат даромад кўрувчи минтақадан дотацияга ўтириб қолган ҳудудга айланди. Даромадни қайта тиклаш мақсадида штат губернатори Чандрабабу Найду янги пойтахт қуришга аҳд қилди. Амаравати қурилиши учун 3,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан бир неча йиллар аввал “Ақлли шаҳар” дейилганда замонавий технологиялар билан жиҳозланган шаҳарлар назарда тутилар эди. Эндиликда аҳолининг замонавий технологияларни ўзлаштириб олиши ҳам “ақлли шаҳар” тушунчасини англатади.

Шарофиддин Тўлаганов

 

ЎзА