Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев,

1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома ва 2013 йил 14 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги Шартноманинг қоидаларига амал қилган ҳолда,

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсадлари ва тамойиллари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга содиқ эканликларини тасдиқлаб,

дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурматнинг бузилмас тамойилларига таянган икки мамлакат халқларининг кўп асрлик тарихий, маънавий ва маданий муштараклигидан келиб чиқиб,

икки мамлакатнинг 30 йил мустақил ривожланиши давомида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашда эришилган ютуқларнинг ниҳоятда муҳим аҳамиятини таъкидлаб,

ўзбек-қозоқ стратегик шериклиги салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида икки томонлама муносабатларни иттифоқчилик руҳига мос бўлган сифат жихатидан янги босқичга кўтаришни истагида,

иттифоқчилик икки қардош халқнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатларига мос келиши ҳамда Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган ҳолда,

Томонлар ўртасида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилиб, мазкур Декларацияни қабул қиладилар ва қуйидагиларни баён қиладилар:

1. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳар томонлама ҳамкорлик, тенглик ва ўзаро манфаатларни инобатга олиш, мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва давлатлар чегараларининг бузилмаслигини ҳурмат қилиш асосида иттифоқчилик муносабатларини боғлайдилар.

2. Давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, илмий-техник, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни комплекс ривожлантириш ҳамда олий, юқори ва бошқа даражаларда конструктив ва ишончли мулоқотни кенгайтириш тарафдоридирлар.

3. Икка мамлакат Етакчилари иттифоқчилик ва стратегик шериклик руҳидаги кўп қиррали ўзбек-қозоқ ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш истагини билдирдилар.

Давлатлараро Олий Кенгаш фаолиятини мувофиқлаштириш Ташқи ишлар вазирлари кенгашига юклатилади.

Давлатлараро Олий Кенгашга Давлат Раҳбарлари бошчилик қиладилар ва Кенгаш Томонларнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ энг муҳим масалаларни кўриб чиқади, иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилаб беради.

Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси томонидан амалга оширилади.

4. Президентлар икки томонлама алоқалар пойдевори ва уларнинг барқарорлиги омили сифатида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча жабҳаларини кенгайтириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Шу муносабат билан, Томонлар иқтисодиёт ва савдо соҳасида ҳамкорликни илгари суриш бўйича Давлат Раҳбарларининг махсус вакиллари механизмини йўлга қўйишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг фаол ишини давом эттиришга келишиб олдилар.

5. Давлат раҳбарлари ҳукуматларга ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини яқин йилларда 5 млрд АҚШ долларга ва ўрта истиқболда 10 млрд АҚШ долларгача ошириш бўйича чоралар кўришни топширдилар.

6. Томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги қўшма корхоналар ташкил этиш орқали ўзаро манфаатли шерикликликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика, қурилиш соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Шу ўринда президентлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликка кучли туртки беришга қодир бўлган «Марказий Осиё» Халқаро саноат кооперацияси марказини қуриш лойиҳаси, шунингдек, чегара олди ҳудудлардаги улгуржи-тақсимлаш марказларидан иборат товар ўтказиш тармоғини яратиш лойиҳасининг амалга оширилишини олқишладилар.

7. Президентлар, ҳудудлараро ва чегараолди ҳамкорликнинг салоҳиятини юқори баҳолаб, ҳудудлар, хўжалик субъектлари, муассасалар ва ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тарафдори эканликларини билдирдилар.

Икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришнинг самарали механизми сифатида Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ҳар йил ўтказиш эътироф этилди.

  8. Томонлар ўзаро боғланган транспорт тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга ҳамда шу мақсадда юк ва йўловчи ташиш ҳажмини оширишга ёрдам берувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишга муҳим аҳамият берадилар.

Ўзбек томонининг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этишга оид ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилиш муҳимлигини эътироф этдилар.

9. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси экологик ва сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш масалаларига муҳим эътибор қаратадилар, қўшма махсус дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашадилар, атроф-муҳитни ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш учун зарур чораларни кўрадилар, аҳолининг ҳаёти ва ҳудудларга хавф туғдирувчи экологик офатлар ва фавқулодда вазиятларда бир-бирларига ўзаро ёрдам кўрсатадилар.

Томонлар экологик муаммоларни ҳал этиш, табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ўзаро келишилган сиёсат олиб бориш ҳамда минтақадаги шериклар билан Марказий Осиё иқлим ўзгариши масалаларини ўрганиш илмий марказини ташкил этиш истагини билдирдилар.

10. Президентлар Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурслари халқларнинг умумий бойлиги ва неъмати эканлигини ҳамда улардан оқилона ва адолатли фойдаланиш билан ўн миллионлаб одамлар тақдири, бутун минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлиги боғлиқ эканлигини тасдиқладилар.

Шу мақсадда Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқиш ва икки мамлакат ўртасида сув муносабатларининг барча йўналишларига оид таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳнинг фаолиятини давом эттиришга келишиб олдилар.

11. Давлат Раҳбарлари Оролни қутқариш халқаро жамғармасини минтақа мамлакатларининг Орол ҳалокати таъсирига учраган ҳудудларни экологик соғломлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган экологик ва илмий-амалий лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишлари учун асосий платформа сифатида кўрадилар.

Томонлар БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга оширишнинг муҳимлигини таъкидладилар.

12. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатлар ва минтақавий яқинлашув ғояларини илгари сурган ҳолда ташқи сиёсат соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар.

Президентлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини иштирокчи давлатлар манфаатларига қатъий ҳурмат асосида мавжуд салоҳиятлардан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш мақсадида такомиллаштириш йўлида мақсадли иш олиб боришга келишиб олдилар.

Барча минтақавий масалалар бўйича Марказий Осиё давлатлари бир-бирининг манфаатларига ўзаро ҳурмат асосида ўзаро мақбул ечимларга ўзлари эришиши муҳимлигини таъкидладилар.

13. Давлат раҳбарлари БМТ, ШҲТ, ОҲИЧК, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилот ва форумлар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олмаота шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Марказини ташкил этишга оид Қозоғистон Республикасининг ташаббусини қўллаб қувватлади.

Томонлар минтақада ишонч, тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ОҲИЧК доирасида фаол ҳамкорликни давом эттириш ҳамда ОҲИЧК салоҳиятини ривожлантириш ва уни халқаро ташкилотга айлантиришга кўмаклашиш истагини билдирдилар.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни муштарак тарих, тил, маданият ва урф-одатларга асосланган ҳолда, миллий манфаатлардан келиб чиқиб ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Қозоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикасининг Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеяси ва Турк академияси каби бошқа туркий институтларнинг тўлақонли аъзоси бўлиш истагини олқишлади.

14. Давлат раҳбарлари халқаро терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, гиёҳванд воситалар ёки психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва халқаро хавфсизликка бошқа таҳдид ва хатарларга қарши курашишда ҳам икки томонлама, ҳам халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини билдирдилар.

15. Президентлар Афғонистонга терроризм, уруш ва гиёҳванд моддалардан ҳоли мустақил, ягона, тинч ва фаровон мамлакатга айланишида кўмаклашишнинг муҳимлигини тасдиқладилар. Афғонистон ҳудудида террорчилик ташкилотларнинг паноҳ топишига ва қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдидларнинг шаклланишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси гуманитар ва иқтисодий инқироз чуқурлашишининг олдини олиш мақсадида халқаро ҳамжамият афғон халқини вужудга келган муаммолар билан ёлғиз қолдирмаслиги лозимлигини таъкидладилар.

Ушбу мамлакат билан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва энергетика соҳаларида алоқаларни сақлаб қолиш, шунингдек, БМТнинг марказий роли билан Афғонистон халқига ҳар томонлама халқаро гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини қайд этдилар. Афғон йўналишида ёндашувларни мувофиқлаштиришни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Афғонистонга гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш учун икки давлатнинг транспорт-логистика салоҳиятидан, шу жумладан Термиз шаҳрида фаолият юритаётган логистика марказидан фаол фойдаланган ҳолда, БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ва бошқа халқаро тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш истагини ифода этдилар.

16. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси икки мамлакат халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини сақлашга ҳар томонлама кўмаклашадилар, маданият, фан, таълим, туризм, ахборот соҳаларида ўзаро алоқаларни чуқурлаштирадилар.

Ўзбек ва қозоқ миллатларининг икки биродар халқнинг яқинлашувидаги алоҳида ўрнини эътиборга олган ҳолда, Томонлар бундан кейин ҳам ҳар икки этнос вакилларига она тиллари, миллий маданиятлари, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга қулай шарт-шароитлар яратишни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ижодий уюшмалар ва бирлашмалар, маданият, адабиёт ва санъат арбоблари ўртасида тарихан шаклланган алоқалар ва мулоқот асосида умумий маданий маконни сақлаш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдирдилар.

17. Давлат раҳбарлари ўз ҳукуматларига Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартнома лойиҳасини яқин вақтда ишлаб чиқиш ва имзолашни топширдилар.

18. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Президентлари аминдирларки, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида чинакам иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш абадий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарининг мустаҳкамланишига кўмаклашгани ҳолда икки қардош халқнинг туб манфаатларига мос келади, шунингдек, ҳар икки давлатнинг барқарор ривожланиши ва халқаро майдондаги обрўсининг ошишига хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

 

Қозоғистон Республикаси

Президенти

 

Қасим-Жомарт ТОҚАЕВ

Нур-Султон шаҳри

2021 йил, 6 декабр