“Туркистон” саройида 13 ноябрь куни Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йил ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Байрам тадбирида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, шифокорлар, ҳамширалар, профессор-ўқитувчилар, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини Сенат Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек, Халқимиз шифокорлар тимсолида ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва масъулиятли ишга бағишлаган, эл-юрт саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган шарафли касб эгаларини кўради ҳамда машаққатли меҳнатингизни доимо муносиб қадрлайди.

Президентимиз фармонига мувофиқ, Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимлари Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиши бунинг ёрқин мисолидир.

Тадбирда ана шу мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бор билим ва салоҳияти, ширин сўз ва қайноқ меҳрини беморларни дарддан фориғ этишга бахшида этиб келаётган саломатлигимиз посбонлари халқимизнинг чексиз ҳурмату ардоғида эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, халқимиз саломатлигини асраш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда тиббиёт ходимларининг хизмати катта. Давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек, халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Келгуси беш йилликда юртимиз тиббиёти аҳолини рози қиладиган тизимга айланади.

– Бу эса соҳа ходимларидан янада кўпроқ билим ва салоҳият, ғайрат-шижоат, фидойилик талаб этади. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, инсон манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими тубдан такомиллашиб бораяпти. Жумладан, ўтган қисқа даврда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тизими яратилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Оналар ва болалар саломатлиги доимий назоратда. Бугун тақдирланганлар орасида педиатрлар, оналик ва болалик йўналишида хизмат қилаётган ҳамкасбларимизнинг кўплиги мени янада қувонтирди, – деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова.

Юртимизда болалар саломатлигини сақлаш, педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган 280 ўринли Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил этилди. Нафақат республика, балки вилоят тиббиёт муассасаларида ҳам юрагида туғма нуқсони бўлган болаларни даволаш учун шифо ўринлари сони 3 баробар оширилди. Шу билан бирга, айни пайтда юқори тиббий технологиялар асосида юртимиздаги 10 та тиббиёт муассасасида болалар кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

Касалликни самарали даволашнинг биринчи шарти – тўғри ташхис. Бироқ яқин йилларгача мамлакатимизда бу борадаги аҳвол қониқарли бўлмаган. Одамлар жойларда тиббий хизмат сифати пастлигидан оддий касаллик ташхиси ёки муолажаси учун ҳам узоқ йўл босиб пойтахтга, вилоятлар марказларига боришга мажбур эди.

Шу сабабли Президентимиз соҳадаги ислоҳотларни айни шу оғриқли нуқтадан бошлади. Натижада умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиникага айлантирилди. Ушбу мутахассисларнинг терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ёрдамида “тиббий харита”лар орқали манзилли иш олиб бориши йўлга қўйилди.

Ўз навбатида, самарасиз, моддий-техника базаси ночор 3 мингдан ортиқ ҚВП ўрнида 2 мингта поликлиника ва оила шифокорлик пункти ташкил этилиб, аҳолига ўз яшаш манзилида тўлиқ бепул амбулатор тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди. Оммавий шаклдаги профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар ўрнига мақсадли скрининг дастурлари, тотал патронаж ўрнига универсал-прогрессив патронаж тизими жорий қилинди.

– Бугунги кунга келиб тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизим сифатида шакллантирилди, – дейди Фарғона вилояти Қувасой шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника мудири ўринбосари, «Дўстлик» ордени соҳибаси Ашурхон Исроилова. – 31 йилдан бери бирламчи бўғинда ишлаётган бўлсам, охирги беш йилдаги ўзгаришлар ҳақиқатан ҳам қувонарли. Олис қишлоқларда ҳам оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Умумий амалиёт шифокорлари оилавий шифокорларга айлантирилди. Оилавий поликлиникаларда тор соҳа мутахассислари хизмати йўлга қўйилди, тиббий бригадалар ташкил этилди. Аввал патронаж ҳамшираси ўз нормативини бажариш учун хонадонма-хонадон юрган бўлса, бугун мақсадли патронаж тизими жорий қилинди. Энди патронаж ҳамшираси қайси хонадонга боришни яхши билади. Бу патронаж хизматининг сифат даражаси ошиши, касалликларни эрта аниқлашга хизмат қиляпти. Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригини эшитиб янада тўлқинландим. Менга берилган мукофот эса зиммамдаги масъулиятни янада тўлиқ ҳис қилишга ундайди.

Эндиликда энг мураккаб операциялар ҳам ўзимизда ўтказилмоқда. Энди мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун хорижга боришга зарурат қолмади. Хусусан, Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Ўтган 5 йилда юртимизда 700 дан ортиқ буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра операциялари муваффақиятли ўтказилгани натижасида фуқароларимизнинг чет давлатларга шифо излаб бориши кескин камайди.

– Кардиожарроҳлик соҳасида ҳам ўсиш кўрсаткичлари юқори, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Амирқулов. – 2016 йилгача юрак соҳасидаги мураккаб операциялар фақат Тошкент шаҳрида амалга оширилган бўлса, бугунги кунда 12 та ҳудудда рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. 10 та вилоятда эса очиқ кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарасидир.

Байрам тадбирида санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА