11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Инсон қадр-қиммати барча нарсадан устувор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида амалга оширилаётган ислоҳотларда айни жиҳатларга катта эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур тантанали тадбирда ушбу жамоат тузилмаси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари, ҳамкор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар, хорижий касаба уюшма марказлари вакиллари, соҳа фаоллари, турли жабҳаларда меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда Президентимизнинг ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган беш йил давомида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар, уларнинг салмоқли натижалари алоҳида қайд этилди.

Ўтган қисқа вақт мобайнида халқимиз турмуш даражасини ошириш, ҳаёт фаровонлигини таъминлаш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги мавқеини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасини бераётир. Бу эса янгиланиб бораётган жонажон Ўзбекистонимизнинг фуқаролари ҳаётида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Юртимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларда янги Ўзбекистоннинг касаба уюшмалари ҳам фаол қатнашиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Ўтган беш йил янги Ўзбекистоннинг касаба уюшмалари ҳаётида ҳам туб бурилишлар ва ўзгаришларга бой бўлди. Касаба уюшмалари ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири – 2019 йилнинг 6 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуннинг имзоланиши бўлди. Мазкур қонуннинг қабул қилингани соҳа фаолияти ривожини янги босқичга олиб чиқиб, тизим ваколатларини кенгайтирди. Касаба уюшмалари инспекцияси қайта тикланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг 2020 йилда бўлиб ўтган 8-қурултойи иштирокчиларига йўллаган табригида мустақил мамлакатимиз тарихида илк бор 11 ноябрни Касаба уюшмалари куни, этиб белгилаш таклифи билдирилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва бу 5,5 миллион нафардан ортиқ аъзосига эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга кирди.

Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан Касаба уюшмалари Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ташкил этилди.

Касаба уюшмалари федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнати билан Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш яхши анъанага айланди.

Сана муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятини ишга солаётган ҳамюртларимизнинг бир гуруҳи тақдирланди. Жумладан, юрт тараққиёти, унинг салоҳиятини юксалтириш йўлида меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Федерациянинг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Уларга ушбу мукофотни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов топширди.

Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, уларда фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантириш, ўз фаолиятида ютуқларга эришган турли соҳа вакилларининг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси лауреати” мукофоти таъсис этилганди. Тадбирда касаба уюшмалари нуфузини оширишга ҳисса қўшаётган ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим, фан ва адабиёт, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт, хизмат кўрсатиш, коммуникация, ҳуқуқ-тартибот соҳалари вакилларига “Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси лауреати” мукофоти топширилди.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни тарбиялаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Федерация томонидан Халқ таълими вазирлиги иштирокида таълим масканларининг математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси лауреати” мукофоти республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Ушбу танлов эълон қилингач, унда иштирок этиш истагини билдирган 5 минг 692 нафар номзод орасидан танлов шартларига жавоб берадиган 2 минг 714 ўқитувчи экспертлар томонидан саралаб олиниб, иккинчи босқичга йўлланма берилди. Иккинчи босқич иштирокчилари ўртасида ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, 90 нафар ўқитувчи танловнинг кейинги босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ғолибларни саралашда номзодларнинг педагогик маҳорати, касаба уюшмаси фаолияти ва меҳнат ҳуқуқи йўналишидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.

“Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари” шиори остидаги тантанали тадбирда ушбу танловда биринчи ўринга лойиқ топилган устоз ва мураббийлар тақдирланди.

Кейинги йилларда касаба уюшмалари тизимида халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичга олиб чиқилди. Хусусан, соҳадаги барча халқаро ташкилотлар ва халқаро касаба уюшмалари марказлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувларга эришилди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Бу ҳамкорлик самараси ўлароқ, тантанали байрам тадбирига қардош мамлакатлар касаба уюшмалари ва халқаро касаба уюшма марказлари вакиллари ҳам ташриф буюрди.

Тадбирда иштирок этган Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Махмадшо, Миср Араб Республикаси коммунал корхоналар ходимлари касаба уюшмаси президенти Хешам Аҳмед Фуад Аҳмедга ҳам “Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси лауреати” мукофоти топширилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, шу орқали эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. “Аёллар дафтари” тизими орқали кейинги давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қиз билан мулоқот ўтказилиб, 900 мингга яқинининг муаммоси ижобий ҳал этилди. Аёлларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этиш мақсадларига давлат томонидан 1 триллион 951 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Касаба уюшмалари федерацияси ҳузурида ташкил этилган 1211 “ишонч телефони”га хотин-қизлардан келиб тушган 100 мингга яқин мурожаат самарали ҳал этилди.

Бундай хайрли ишларга ҳисса қўшаётган ҳамюртларимизни рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари федерацияси томонидан фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши маҳалла раиси”, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши сектор раҳбари”, гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида аёлларнинг ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Аёллар дафтари” орқали кўмак олиб, иш ўрни яратган ва маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор аёллар ўртасида “Касаба уюшмалари федерацияси лауреати” мукофоти учун танловлар ўтказилди.

Тантанали тадбирда “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Касаба уюшмалари федерацияси лауреати” танловларида биринчи ўринни қўлга киритган ғолибларга диплом ва Президент совғаси сифатида “Gentra” автомобили, иккинчи ўринга сазовор бўлган иштирокчиларга диплом ва Президент совғаси сифатида “Cobalt” автомобили, учинчи ўрин соҳибларига диплом ва Президент совғаси сифатида “Spark” автомобили калитлари топширилди.

Ғолибларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳамда Касаба уюшмаси федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов топширди.

Тантанали тадбирнинг навбатдаги тақдирланувчиси Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби оғир атлетика бўлими мураббийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, “Шуҳрат” медали соҳиби Фарҳод Мирзажонов бўлди. Унга Президентимизнинг махсус совғаси сифатида “Malibu” автомашинаси топширилди.

– Фаолиятим мобайнида қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ғолиб ва совриндорларини тайёрлашга муваффақ бўлдим, – деди Ф.Мирзажонов. – Аслида, қобилиятли ёшлар билан ишлаш мураббий учун ҳам катта руҳий рағбат, қувват беради. Келгуси Олимпиада ўйинлари учун ҳам спортчиларни тайёрлашни ният қилганман.

Тадбир доирасида концерт дастури намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шоазим Миноваров қатнашди.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири