Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ вакиллари оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни манзилли қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтиришга қаратилган — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан фуқаролар йиғини маҳалла ҳудудида тазйиқ ва зўравонлик қилган ёки қилишга мойиллиги бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан олиб бориладиган профилактика ишларида иштирок этиши белгиланмоқда.
Шунингдек, меҳнат органлари томонидан оғир ижтимоий аҳволда қолган, иш қидираётган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касбга йўналтириш чораларини кўриши лойиҳада ўз аксини топяпти.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА