Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида юртимиздаги муҳим сиёсий тадбир — Президент сайловида кузатувчи сифатида иштирок этган Россиянинг Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик жамияти раиси Игорь Кругових билан учрашув ўтказилди.

Тадбирда қўмита раиси Рустамбек Қурбонов сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли оила туйғусини мустаҳкамлашга доир кенг кўламли ишлар хусусида маълумот берди.

Жумладан, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, фуқаролар тотувлиги барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга хизмат қилиб келаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек у Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик жамияти билан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида ўз фикрларини билдирди.

Қўмита раиси меҳмонни келгуси йил мамлакатимизда 30 июль – “Халқлар дўстлиги” куни доирасида ўтадиган тадбирларда иштирок этиш учун таклиф қилди.

Игорь Кругових ҳам ўз навбатида учрашув учун миннатдорчилигини билдириб, икки мамлакат ўртасида турли соҳалар, жумладан, маданият йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланаётганини, бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.

У келгусида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришда ҳамкорликда ишлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек меҳмон, келгуси йили Россияда Ўзбекистон маданияти йили бўлишини, унинг доирасида ҳамкорликда тадбирлар ташкил қилишни ва унда қўмита вакилларини иштирок этиш учун таклиф қилди.

Суҳбат давомида Игорь Кругових Ўзбекистонда жорий йилнинг 24 октябрь куни ташкил этилган президентлик сайлови ҳақида ҳам тўхталиб, сайлов жараёнлари юксак савияда ташкил этиланлиги, сайлов ташкилий жиҳатдан ҳам юқори даражада ўтганини, овоз бериш жараёни халқаро мезонларга тўлиқ жавоб беришини эътироф этди.

 

Н.Усмонова, ЎзА