Покистон стратегик тадқиқотлар институти ижрочи директори Халид Акрам билан сайлов жараёнлари қандай ўтгани ва унинг натижалари ҳақида суҳбатлашдик.

– Сайловни кузатиш давомида сизда қандай фикрлар кечди?  

– Сайлов куни Тошкент шаҳридаги ўнлаб сайлов участкаларида бўлдим. Ҳар бир участкада карантин талабларига қатъий риоя этилгани эътиборимни тортган муҳим жиҳат бўлди. Участкага кириб келаётган одам ким бўлишидан қатъий назар, яъни сайловчи бўлмаса ҳам қўллари зарарсизлантирилиб, янги ниқоб тақдим этилди. Ҳар бир участкада тиббиёт ходимлари бор эди. Ҳатто тиббиёт хоналари ҳам очиб қўйилган. Бу биз кузатувчиларнинг ҳам ўзимизни хавфсиз сезишимизга, сайловни бемалол кузатишимизга замин бўлди.

Сайловни кузатиш асносида халқнинг юқори даражадаги ҳамжиҳатлиги яққол кўзга ташланди. Айниқса, овоз бераётганлар орасида ёшларни кўпроқ учратдим. Ўз мамлакатидаги сиёсий воқеликка бефарқ бўлмаган ёшлар борлиги – бу жуда катта омад. Ахир улар келажак эгаси, эртанги кунни бунёд этувчилар. Улар онгли ва фаол бўлса, юртнинг келажаги шунга яраша яхши бўлиши муқаррар.

– Сайлов пайти қонунларга зид бўлган ёки сизни ранжитган ҳолатлар бўлдими?  

– Бундан олдин 8 давлатда сайлов жараёнларида кузатувчи бўлиб иштирок этганман. Биласизми, ушбу сайловдек тартибли ва аҳоли жуда фаол қатнашган жараённи кўрмаганман, десам ишонаверинг. Қисқаси, бу сайловдан яхшиси бўлмаган!

Кузатувчи сифатидаги фаолиятим давомида ўзим каби турли давлатлардан келган кузатувчилар билан ҳам кўп мулоқот қилдим. Мен уларнинг фикрлари билан қизиқдим, мен кўрмаётган бирор нохолислик бормикин, деб. Фақат яхши фикрлар эшитдим.

– Стратегик тадқиқотларингиз Ўзбекистон ва Покистон муносабатларига қандай баҳо беради?  

– Покистон ва Ўзбекистон халқлари қадимдан яқин дўст бўлиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ўзаро дўстлик, ҳамкорлик муносабатлари кейинги йилларда жуда ривожланди. Бу давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракати кучайгани туфайлидир.

Фурсатдан фойдаланиб, сайловда ишончли ғалабага эришган, Ўзбекистоннинг Президенти сифатида сайланган  Шавкат Мирзиёевни халқимиз номидан чин дилдан табриклайман.

Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, биз Шавкат Мирзиёевни ўтган беш йиллик Президентлик даврида олиб борилган кенг миқёсли ишлари учун Марказий Осиё лидери, деб биламиз.

Покистонда айнан шу мавзуда “Шавкат Мирзиёев Жаноби олийлари – етук давлат раҳбари”, деб номланган китоб ҳам нашр қилганмиз. Бу китобда Покистоннинг энг етук сиёсатчилари, олимлари, тадқиқотчиларининг Мирзиёев фаолияти ҳақидаги фикрлари, илмий изланишлари, Ўзбекистон ва Покистон муносабатларининг ўзига хос жиҳатлари, икки мамлакат ҳамкорлик истиқболлари ҳақида кенг фикр юритилган.

Ўйлайманки, янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёев ўтган беш йилда нафақат мамлакат, балки Марказий Осиё, ҳатто Осиё минтақасида олиб борилиши керак бўлган кенг миқёсли ишлар бўйича катта ғоя ва ташаббусларни илгари сурган бўлса, эндиликда уларни амалга оширишга киришади. Мен бу йўлда Жаноби олийларига куч-қувват ва омад тилайман!

 

       ЎзА мухбири  Норгул Абдураимова  

      суҳбатлашди.