Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Aфрика мамлакатларида кўп йиллар давомида ўтказилган синовлардан сўнг дунёдаги илк безгакка қарши вакцина – “Mosquirix”ни қўллашни маъқуллади. Бу ҳақда Deutsche Welle агентлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, 2019 йилдан бери ЖССТ Гана, Кения ва Малавида 800 мингдан ортиқ болаларда ушбу вакцина самарадорлигини ўрганган.
ЖССТ бош директори Тедрос Aданом Гебрейесус ушбу воқеани “тарихий лаҳза” деб атади ва вакцинадан бутун дунё фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 1987 йилда Британиянинг GlahoSmithKline фармацевтика компанияси (GSK) томонидан безгакка қарши “RTS”, “S” ва “Mosquirix” вакциналари ишлаб чиқилган эди.
Аммо Африкада ҳар йили 400 мингга яқин фуқаро безгакдан вафот этади, уларнинг кўпи беш ёшгача бўлган болалардир. Таққосласак, 2019 йилда мамлакатда 386 минг киши безгак қурбони бўлган, 212 минг киши эса COVID-19дан вафот этган.
– Африкалик олимлар томонидан ишлаб чиқилган ушбу вакцина безгакнинг олдини олиш воситаси сифатида ҳар йили ўн минглаб ёшларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин, – деган ЖССТ бош директори.
Безгак – одамларга чивин чақиши орқали юқадиган касалликдир. Унда иситма, титроқ, талоқ ва жигар кенгайиши ҳамда камқонлик каби аломатлар кечади. Ҳар йили тахминан 350-500 миллион киши ушбу касалликка чалинади. Уларнинг тахминан 1,3-3 миллиони эса вафот этади.