Тошкент шаҳрида 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис иши Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси аввалида аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилди. Жумладан, қибрайликлар муаммолари юзасидан Сенатнинг аввалги ялпи мажлисларида вазифалар белгиланган эди. Бу борада қилинган ишлар юзасидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов ахборот берди.
Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, 2021 йил январь-июнь ойларида республикамиз иқтисодиётининг ЯИМ ҳажми 6,2 фоизга ўсиб, дунёда кечаётган пандемияга қарамай, 318,5 триллион сўмни ташкил этди.
Иқтисодий ўсиш саноатда 8,5 фоиз, қурилишда 0,1 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 1,8 фоиз ҳамда хизматларда 8,0 фоизга ўсган. Инфляция даражаси йил бошидан 4,4 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 10,9 фоизни ташкил этган.
Давлат бюджети даромадлари 2021 йил 1-ярим йиллигида 74,9 триллион сўмни ташкил этиб, прогнозга нисбатан 107,8 фоизга ёки 5,4 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 триллион сўмга ошган.
Қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил январь-июнь ойларида солиқ тўловчиларга республика бюджетидан 7,6 триллион сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 баробардан кўп маблағ қайтариб берилган.
Давлат бюджетининг 2021 йил 1-ярим йиллиги харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 79 триллион 331,9 миллиард сўмни, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 96,9 фоиз ёки ЯИМга нисбатан 24,9 фоизни ташкил этган. Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетлар даромадлар қисми прогнозга нисбатан 118,9 фоиз, харажатлар қисми режага нисбатан 97,3 фоизга ижро этилган.
Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллий бюджетлар даромад кўрсаткичи 2 триллион 639 миллиард сўм ортиғи билан ижро этилган.
2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари йиллик прогнозга нисбатан 44 фоизга (18 триллион 353,1 миллиард сўмга) бажарилиши ҳам, ўз навбатида, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва камбағалликни қисқартириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларини ўз вақтида амалга ошириш имконини берган.
Мажлис давомида Молия вазирлигига Давлат бюджетидан ичимлик ва оқова сув объектлари учун ажратилган маблағларни мақсадли харажат қилиш устидан назорат ўрнатиш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан молиявий назорат ўрнатиш ва бошқа вазифалар юкланди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар. Шунингдек, Сенат ишчи гуруҳи томонидан вилоятни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама қилинди.
Мажлисда таъкидланганидек, сўнгги беш йилда Қашқадарё вилояти шаҳар ва туманларини комплекс ривожлантириш юзасидан Президентнинг 1 та, Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори қабул қилиниб, тасдиқланган дастурлар доирасида қатор ишлар олиб борилган.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 10 мингдан ортиқ хонадонга эга бўлган 250 дан зиёд кўп квартирали уйлар ҳамда қарийб 4,9 мингта янги намунавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 2,4 минг километрдан зиёд автомобиль йўлларида қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилган, 3 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоғи ва 858 дона трансформатор пунктида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари натижасида 275 мингдан зиёд аҳоли ва 900 га яқин тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга эришилган.
Вилоятдаги 667 километр газ қувурлари янгидан монтаж қилинган. 315 минг аҳоли учун ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 968 километр ичимлик суви қувурлари реконструкция қилинган.
Бундан ташқари, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, жорий йил I ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,3 триллион сўм, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,7 фоизни ташкил этган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,8 миллион сўмдан иборат бўлиб, йил якунида 10,7 миллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 1,9 триллион сўмлик жами 709 та лойиҳа ишга туширилган ва 4,4 мингта янги иш ўрни яратилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосан Хитой, Туркия, Сингапур, Эрон, Россия, Канада, Нидерландия давлатларидан жалб этилган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида айрим лойиҳалар ташаббускорларининг имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан дастурга киритилганлиги боис ижро муддати келмасдан “истиқболсиз” деб топилган ҳолатлар мавжуд.
Қолаверса, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида баъзи қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан ортда қолмоқда.
Мажлисда ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 13 сентябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижроси юзасидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раисининг фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Қайд этилганидек, ушбу соҳада муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Президентнинг 2019 йил 16 августдаги “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ дастур ва режалар ишлаб чиқилган, уларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилган.
Жумладан, республикада 53,5 минг гектар тутзор барпо этилиб, жорий йилнинг баҳорги мавсумида 62,5 миллион туп тут кўчати ва 53 миллион тупдан ортиқ якка қатор тут дарахти экилган. Қолаверса, 11 та ипак қурти уруғчилик корхонаси ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 240 минг қути саноатбоп ипак қурти уруғлари ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, 2019-2020 йилларда ипакчилик йўналишида инвестиция дастурига асосан 123 та лойиҳа доирасида 163,4 миллион долларлик маблағ, шу жумладан, 10,4 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган.
Жорий йил баҳорги пилла боқиш мавсумида 22,7 минг тонна пилла хомашёси (ҳўл пилла) етиштирилган. Шунингдек, cўнгги тўрт йилда пиллачилик кластерлари сони 19 тадан 76 тага етказилган.
2019-2020 йилларда қоракўл қўйларининг наслини яхшилаш мақсадида Навоий вилояти Конимех тумани, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станциялари фаолияти йўлга қўйилган. Шу билан бирга, 2021 йилда қоракўлчилик кластерлари томонидан 66 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган.
Амалга оширилган ишларга қарамай, ипакчилик, тутчилик, қоракўлчилик ва маданий яйловлар барпо этишни ривожлантириш билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди.
Шунингдек, 2020 йилда янги тутзорлар барпо этиш учун пиллачилик тармоғи ташкилотларига кўп йиллик ижара шартномаси асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ер майдонларини ажратиш бўйича ҳудудлар кесимидаги рўйхати тасдиқланган бўлишига қарамай, Жиззах вилоятидан ташқари бошқа бирорта вилоятда тутзорлар барпо этиш учун етарли ер майдонлари ажратилмаган.
Мажлисда сенаторлар соҳани ривожлантириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилган ишлар етарли даражада эмаслигини қайд этди. Ўз ўрнида, Вазирлар Маҳкамаси ва масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб техникумлар ўқувчиларига амалиёт ўташ жойларини ташкил қилиш ҳамда келгусида ишга жойлашишлари учун 800 га яқин тармоқ корхона ва ташкилотларга бириктириш юзасидан ҳукумат қарори тайёрланган.
Ёшларнинг тадбиркорлик билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида муайян фанлар ҳамда ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.
Хизматчиларнинг асосий лавозимлар ва ишчилар касблари классификатори лойиҳаси тайёрланиб, унга 2163 та янги лавозим ва касб қўшилган.
“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида www.ish2.mehnat.uz бўш (вакант) иш ўринлари базаси яратилган.
Шунингдек, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн майдонини ишга тушириш орқали фуқароларни кунлик ишга ёллашда иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатиш режалаштирилмоқда.
Мажлисда бу борада амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор тавсияларни илгари сурди.
Жумладан, олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ўқув-ишлаб чиқариш амалиётига жалб қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан олий таълим муассасаларига буюртмалар бериш амалиётини йўлга қўйиш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда хусусий секторда кадрларни ишга жойлаштириш бўйича субъектлар фаолиятини рағбатлантириш тизимини яратиш ва бошқа ишларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар оқова сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, ушбу соҳада халқаро молия институтларининг 1 094,6 миллион доллар кредит маблағлари жалб этилган бўлиб, 9 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар доирасида 19 та объектда 1 780 километр оқова сув тармоқларини тортиш, иншоотлар қувватини 1 миллион 82 минг м3/суткага ошириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида 1 миллион 588 минг аҳолининг оқова сув хизматлари яхшиланади.
Оқова сувни тозалаш жараёнида тупроқ ва ер ости сувлари ҳамда оқова сувнинг парланган қисми атмосфера ҳавосига тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида илк бор пилот лойиҳаси рўёбга чиқарилган. Республика бўйича оқова сувларни тўлиқ зарарсизлантириш мақсадида 36 минг тоннадан ортиқ кимёвий реагентлар сарфланган.
Бундан ташқари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан сув ресурсларини ифлослантирувчи манбалар мониторинги ташкил қилинган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар оқова сув тозалаш корхоналарини ифлослантирувчи манбаларида назорат-таҳлил ишлари ҳар чоракда амалга оширилиб келинмоқда.
Республикада бирламчи оқова сув иншоотига эга бўлмаган, зарарлилик даражаси ўта юқори бўлган йирик ишлаб чиқариш саноат корхоналари тармоқдан узилган. Хусусан, Тошкент шаҳридаги 18 та йирик саноат корхонасига оқова сув хизматини кўрсатиш вақтинчалик тўхтатилган. Натижада 3 та корхонада бирламчи тозалаш иншоотлари қурилишига эришилган.
Бироқ амалга оширилган ишларга қарамай, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг жалб этиладиган маблағлари ўзлаштирилиши, лойиҳа ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши, келишилиши ва тасдиқланиши мақсадга мувофиқ.
Иншоотларга меъёридан ортиқ оқова сувлар ташланишини ҳисобга олиш тизими талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Қашқадарё, Хоразм, Андижон вилоятларидаги иншоотларга йиғиладиган оқова сувлар тозаланмасдан очиқ ҳавзага ташланмоқда.
Мажлисда сенаторлар соҳани ривожлантириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилган ишлар етарли даражада эмаслигини қайд этиб, Вазирлар Маҳкамаси ва масъул вазирлик ва идораларга топшириқлар берди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати