Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев бугун, 29 сентябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказмоқда.
Учрашувни номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Ўктамжон Охунов очди.
Ишончли вакил кейинги йилларда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз, шу жумладан, Андижон вилоятида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, уларнинг одамлар турмуши фаровонлигини яхшилашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига вилоятда пухта тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга берилди.
– Андижон тўғрисида кўп гапириш мумкин, энг лўнда гап шуки, Ўзбекистоннинг 1 фоиз ерида 10 фоиз аҳолиси яшайди. Бу меҳнаткаш, танти андижонликларнинг ўзига хос жасорати, матонатидан далолатдир. Андижонликлар билан бамаслаҳат уларга керакли шароитни яратиб бериш учун келганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Айни пайтда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда.
ЎзА