Президентликка номзод қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда ўзининг сайловолди дастури ҳақида гапирар экан аҳолини ичимлик суви таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

– Биз “Она табиатни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир!” шиори остида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасида барча чораларни кўрамиз.

Инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилади.

Хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борилади;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш, янгиларини қуриш, эскирганларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур, лойиҳалар ишлаб чиқилиши, уларни изчиллик билан рўёбга чиқариш орқали шаҳар ва туманларнинг ичимлик суви ҳамда канализация тизими таъминоти яхшиланади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этиш орқали олис қишлоқ жойларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланади;

ичимлик суви таъминоти лойиҳаларида бозор механизмларини жорий этишга, лойиҳа ташаббускорининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар сув ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши натижасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилади;

оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилади.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА