Сирдарё вилоятида “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори остида ҳаракатланаётган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Алишер Қодиров сайловчилар билан учрашди.

Унда нуроний отахон ва онахонлар, ҳунармандлар, спортчилар, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Янги Ўзбекистонда ўтказилаётган янгича сайловлар ўзига хос пиар технологиялар асосида ташкил этилди. Бугунги кунда сайловчиларнинг талаби ва истаклари ҳам ўзгарган. “Миллий тикланиш” демократик партияси ўзининг сайловолди тадбирларида ана шу омилларни ҳисобга олган холда, сайловчининг талабига мос тарғибот усулларидан фойдаланмоқда.

Президентликка номзоднинг учрашувига ижтимоий тармоқлар ва флаерлар, кўча эълонлари орқали таклиф этилган сайловчилар иштирок этди. Табиийки улар ўзларини қизиқтирган саволларни ҳеч иккиланмай ўртага ташлади.

Ушбу учрашувни номзоднинг ишончли вакили Фарход Боқиев кириш сўзи билан очиб, Алишер Қодиров ҳақида маълумот берди. Шунингдек, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайлови Ўзбекистон келажагига муҳим рол ўйнашини таъкидлади. Ушбу жараёнда сайловчиларни фаол иштирок этишга ва “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Алишер Қодировни якдиллик билан қўллаб-қувватлашга чақирди.

Учрашувда Президентликка номзод Алишер Қодиров ўзининг дастуридаги асосий ғоялар, ташаббуслар ва илгари сурилаётган таклифлари билан таништирар экан, унга кўра бешта йўналишга эга бўлган сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

 

Ш.Суяров, ЎзА