Президентимиз айни пайтда давом этаётган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида юртимиз ёшларининг иштимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бораётгани халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
– Сўнгги йилларда ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Хабарингиз бор, яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг бошлиқ расмий делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Суҳбат чоғида у киши бир фикрни афсус билан таъкидлади. Яъни, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан.
Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади. Бу катта эътироф, албатта.
Биз бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро Иттифоқ кўмагида “Мен парламентда ёшларни қўллаб-қувватлайман!” деган эзгу ташаббусни амалга оширамиз.
Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз.
Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидоий ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади.
Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади.
Шунингдек, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА