Президентимиз Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида нуфузли халқаро танловларда муносиб қатнашиб, мамлакатимиз шон-шуҳратини улуғлаётган йигит-қизларни алоҳида эътироф этди.

– Бугун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда, мамлакатимизда Учинчи Ренассанс пойдеворини яратиш йўлида катта қадамлар қўймоқдамиз.

Юртимизда мутлақо янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Ушбу мактабларда таълим олаётган кўплаб ўқувчилар нуфузли халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

Мисол учун, Андижондан Дурдона Мухторхўжаева, Бухородан Фирдавс Собиров, Дониёр Исмоилов, Сирдарёдан Илғор Қодирқулов, Набихон Набихонов, Тошкент шаҳридан Нодира Саъдуллаева, Искандар Бўриев, Дилшод Хўжақулов, Раил Хашаев физика, математика ва кимё бўйича халқаро олимпиадаларнинг олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.

Бундай зукко ва билимдон фарзандларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг ана шундай ютуқларига катта ҳисса қўшган жонкуяр ота-оналарига, заҳматкаш устоз ва мураббийларига ҳам, ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман.

Эндиги муҳим вазифамиз – мана шундай фарзандларимиз орасидан янги авлод берунийларини, ибн сино ва улуғбекларини, хоразмий ва фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат. Бу йўналишда “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади, – деди Шавкат Мирзиёев.