Сўнгги йилларда олий таълим тизимини янги сифат даражасига кўтариш, халқаро рейтингларда юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган хориждаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Бугунги кунда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида мазкур йўналишда самарали ишлар амалга оширилиб, шу кунгача хорижий давлатлардаги 39 олий таълим муассасаси билан академик мобильлик, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини очиш каби соҳаларда икки томонлама амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мана шундай ишларнинг амалий кўриниши сифатида Россия Федерациясидаги юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган олий таълим муассасалари билан амалга оширилаётган ишларни таъкидлаб ўтиш жоиз. Нукус ДПИ ректори Байрамбай Отемуратов Санкт-Петербург шаҳридаги Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетига ташриф буюриб, ушбу университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Юлия Комарова билан учрашди.

 

Учрашувда мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси тўғрисида фикр алмашилиб, бакалавриатнинг дефектология ва психология таълим йўналишлари бўйича «2+2», шу билан бирга, магистратурада ўзга тилли гуруҳларда рус тили мутахассислиги бўйича «1+1» тизими асосида қўшма таълим тизимини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, икки олий таълим муассасаси ўртасида профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш йўналишида амалга ошириладиган ишлар, россиялик машҳур профессор-ўқитувчиларнинг институт талабаларига дарс ўтиши учун келиш масаласи белгилаб олинди.

Учрашув сўнггида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ва Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.