Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда ҳар икки томоннинг масъуллари, олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Россия Федерацияси Президенти Хорижий мамлакатлар билан ҳудудлараро ва маданий алоқалар бўйича бошқарма бошлиғининг ўринбосари Антон Рыбаков, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирининг ўринбосари Дмитрий Афанасьев ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги алоқалар барча соҳалар каби фан ва таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Тошкент шаҳрида 2019-2020 ўқув йилида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг филиали ўз ишини бошлаган эди.
Мазкур филиал бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган. Филиал республиканинг саноат тармоқларидаги муҳим илмий-технологик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартларига мос тайёрлайди. Шу билан бирга, бу ерда наноматериаллар кимёвий технологияси, материалшунослик ва материалларни коррозиядан сақлаш, материалларга бадиий ишлов бериш технологияси ва саноат ишлаб чиқаришининг бошқа соҳаларида фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказилади.
Бугунги кунда университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалида инглиз тили ва жисмоний тарбия машғулотларини юқори малакали маҳаллий ўқитувчилар, қолган барча махсус фанлар бўйича ўқувлар Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.
– Университетимиз тарихида ушбу кун жуда муҳим ҳисобланади, – деди Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети ректори Александр Мажуга. – Биринчи халқаро филиалимизни очдик. Бу лойиҳани тўрт йил олдин бошлаган эдик. Мана тўрт йил ўтиб, бу ерда замонавий таълим даргоҳимизга эга бўлдик. Россия ва Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман. Чунки сизларнинг кўмагингиз туфайли шундай натижага эришдик.
Филиал биноси замонавий дизайн ва ўзига хослиги билан киши диққатини тортади. Бино ўқув-лаборатория, кутубхона фонди, компьютер ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Филиал яна катта маърузалар зали, 2-қаватли лаборатория биноси, ёпиқ спорт зал, 3 та очиқ спорт майдони, 200 ўринли ошхона, 225 ўринли ётоқхона ҳамда ўз амфитеатрига эга.
– Ушбу филиалнинг очилиши “Ўзкимёсаноат”нинг эҳтиёжини қоплаш ва кадрлар етказиб беришга қаратилган. Ҳозир бу ерда 200 нафардан ортиқ талаба ўқимоқда. Булар келажакда “Ўзкимёсанаот” АЖ таркибидаги корхоналарда ишлайди. Филиалимизнинг янги биноси фойдаланишга топширилганидан барчамиз хурсандмиз. Бундай имконият жамоамиз ва талабалар учун катта ишончдир, – деди Филиал ижрочи директорининг ўқув ва тарбиявий ишлари бўйича ўринбосари Нилуфар Юнусова.
Тадбир доирасида иштирокчилар бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА