Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 12 май куни макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари пандемия туфайли бутун дунёда иқтисодий вазият ҳамон оғир аҳволда экани, мамлакатимизда иқтисодиётни пандемиядан олдинги ҳолатга қайтариш бўйича барча чоралар кўрилаётганини таъкидлади. Мураккаб пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани натижасида иқтисодий барқарорликни, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва иш ўринларини сақлаб қолишга эришилгани қайд этилди.

Жумладан, биринчи чоракда ялпи ички маҳсулот 3 фоизга, саноат – 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 3,1 фоизга ўсди. Давлат бюджети даромадлари прогнозга нисбатан 1,9 триллион сўмга (5,7 фоиз), жумладан, солиқ тушумлари 1,5 триллион сўмга (6,1 фоиз) кўпайди.

Экспорт ҳажми январь-апрель ойларида 3,2 миллиард долларни (прогнозга нисбатан 17 фоизга кўп) ташкил қилди.

Шу билан бирга, жорий йил учун режа қилинган 5,1 фоиз иқтисодий ўсиш кўрсаткичи ҳудуд ва тармоқ салоҳиятига нисбатан анча паст.

– Биз жуда катта ҳисобот ва таҳлил қилдик, замин яратдик, маблағ бердик, қарорлар қабул қилдик. Агар барча масъуллар бу қарорларни бажарганда иқтисодий ўсиш бошқача бўларди, – деди Президент.

Давлат раҳбари биринчи ярим йилликда ЯИМ ўсишини камида 6 фоиз бўлиши учун Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари қўшимча захираларни топиб, амалда ишга солиш бўйича топшириқ берди.