Юридик клиника

Савол: Малака ошираётган ходимнинг иш ҳақи сақланиб қолинадими?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1026-сон қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида”ги Низомга асосан буюртмага киритилган малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади. Уларнинг ўқув юкламаси эса бошқа аъзолар ўртасида тақсимланиши белгиланган.

Шунингдек, ишдан ажралган ҳолда ҳудудий марказларга малака оширишга бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари уларни юборган томон ҳисобидан қопланади.

Шунга кўра, ходимнинг малака ошириш курсида ўқиши давомида ўртача иш ҳақи сақланади.

Саволга «Мадад» ННТ масъул ходими Маъруф Лукчаев жавоб берди.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА