Бугун, 6 май куни чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёш авлодга таълим берадиган ўқитувчиларни ўзини ўқитиш зарурлигини қайд этди.
– Барча соҳада Янги Ўзбекистонни қурамиз деяяпмиз. Чет тилларни ўрганишга етарли эътибор берилмагани учун шу аҳволга келиб қолдик. Янги Ўзбекистон шиорда эмас, амалда бўлиши керак. Шу боис, келгуси йилдан давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билиш мажбурий бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев
Шу талабдан келиб чиқиб, келгуси йилдан бошлаб магистратура ва докторантурага кирувчилар чет тилини билиш халқаро сертификатига эга бўлиш талаби киритилиши қайд этилди. Шу билан бирга, янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳларда тегишли мутахассислик фанларини хорижий тилларда ўқитиш тизими жорий этилади.
Бунда тиббиёт, аграр, физика, математика, геология, техника каби аниқ соҳалар бўйича чет тилида ўқитишни 10 та нуфузли олийгоҳда бошлаш бўйича топшириқ берилди.
Умуман, янги ўқув йилидан бошлаб, чет тиллари бўйича қабуллар сони 2 бараварга оширилиб, 16 мингтага етказилиши, давлат гранти эса 3 бараварга оширилиши (4,5 мингта – таҳ) айтиб ўтилди.
Чет тилини ўқитишнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий докторантурада таълим олиш учун йилига 20 та ўрин ажратилиши белгиланди. Шунингдек, олийгоҳларда табиий ва техник фанлар бўйича хорижий дарслик ва қўлланмалардан эркин фойдаланиш йўлга қўйилиши қайд этилди.
Янги ўқув йили бошлангунга қадар ҳар бир олийгоҳ ректорларига давлат-хусусий шериклик асосида ўқитувчи ва талабаларга хорижий тилларни пухта ўргатадиган тил марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда Самарқанд чет тиллари институти ректори Илхом Тўхтасинов ушбу вазифаларни қандай ташкил этишини ўз сўзида тушунтирди.
ЎзА