Чет тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида бухоролик Муродовлар каби малакали ўқитувчиларга муносиб шароит яратиб бериш зарурлиги айтиб ўтилди.
– Бундан буён хорижий тиллар ўқитувчиларининг ойлик маоши, уларнинг малакасига қараб белгиланади. Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даражасини олган ўқитувчиларга – 40 фоиз ва юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама белгиланади. Бунда юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари қоплаб берилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Молия вазирлигига ушбу мақсадлар учун жорий йилда 50 миллиард сўм ажратиш бўйича топшириқ берди.
Йиғилишда келаси йилдан бошлаб янгидан ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилиши кўрсатиб ўтилди. Унга кўра, кейинги 3 йил давомида мактаблардаги жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиси халқаро сертификат олиши зарур. Ушбу ишларга хусусий таълим ташкилотлари ҳам фаол жалб қилиниб, юқори балл олган ўқитувчиларга ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилади.
Халқ таълими вазири Ш.Шерматовга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, икки ой муддатда яратиладиган қўшимча имкониятлардан фойдаланиб, 1 минг 300 та вакант ўринларни малакали мутахассислар билан тўлдириш, жорий йил 1 сентябрга қадар танлаб олинган 207 та мактабда барча шароитни яратиб, чет тилларини чуқур ўргатишни бошлаш бўйича вазифалар қўйилди.
Ушбу мактабларда хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари ва методикаларидан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилида ўқитиш йўлга қўйилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари Халқ таълими вазирлиги ва янги Агентлик билан бирга, ушбу мактабларни зарур адабиётлар, ўқув дастурлари ва қуроллари ҳамда техника воситалари билан жиҳозлашга масъул бўлади.
Йиғилишда вилоят ҳокимларига Нуробод тажрибасидан келиб чиқиб, ўз бюджетидан мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратиш бўйича топшириқ берилди.
ЎзА