9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбарияти ташаббуси билан бир гуруҳ рассомлар томонидан муборак Рамазон ойи ҳамда 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият” шиори остида хайрия ҳашари ташкиллаштирилди.
Нукус шаҳридаги “Салмен ота”, “Шўрша бобо” ва рус қабристонларида санъат ва маданият соҳасида фаолият юритиб, ўлмас асарлар қолдирган қорақалпоғистонлик рассомлар Ф.Мадгазин, И.Савицкий, Б.Нурумбетов, Ж.Изентаев, И.Алибеков, М.Кудайбергенов, Б.Танирбергенов, М.Бердимбетов кулол Т.Саиповнинг қабрлари ҳам бўлиб, уларнинг қабртошлари атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қайтадан таъмирлаш каби эзгу ишлар амалга оширилди.
– Эзгу амаллар замирида аждодлар руҳини ёд этиш ва қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ва савобли ишларни ёшлар орасида кенг тарғиб этишга ундаш каби ғоялар мужассам, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси Улбосин Утегенова. – Шунингдек хайрия тадбирлари ёш авлодда инсонийлик фазилатларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Довуд Абибуллаев, ЎзА