Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 апрель куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қурилиш материаллари, уй жиҳозлари, маиший хўжалик моллари, кийим-кечак ва озиқ-овқат аҳоли энг кўп харид қиладиган товарлардан. Уларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш осон ва арзон. Қолаверса, бу йўналиш қишлоқларга саноат кириб бориши, одамлар иш билан таъминланишида ҳам муҳим омил.
Масалан, сўнгги уч йилда мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошган. Лекин, маҳсулотлар ҳажми ва турлари ҳали ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаётгани йўқ. Умуман, ўтган йили қарийб 1 миллиард долларлик қурилиш материаллари импорт қилинган.
Юртимизда кўплаб уй-жойлар, завод ва корхоналар, ижтимоий объектлар қурилмоқда. Булар ҳам қурилиш материаллари, турдош маҳаллий саноат маҳсулотларига талабни оширади.
Шу боис йиғилишда маҳаллий саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
– Кўриб турибсизлар, бутун дунёда иқтисодиёт бўйича вазият оғир. Ҳеч кимга осон бўлаётгани йўқ. Шунинг учун бор имкониятдан фойдаланиб, пешона теримиз билан топган пулимизни халқимизга ҳалол етказиб, натижага эришишимиз керак. Маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳокимларнинг қўлидаги масала. Ақл билан, пухта иш тутса, бунинг замирида жуда кўп ишчи жойи, тадбиркорларнинг манфаатдорлиги, одамларнинг розилиги бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борадаги ишларни “ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳалар ишлаб чиқиш” занжири асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий саноатнинг ҳар бир йўналиши, хусусан, қурилиш материаллари, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника, чарм-пойабзал, заргарлик, чинни буюмлари, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати каби тармоқлар бўйича ҳудудлар кесимида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳудудлардаги мавжуд хомашё ва йирик заводлар инфратузилмасидан фойдаланиб, уларга яқин жойда янги корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Мазкур 24 та туманда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Қурилиш материаллари тармоғида умумий қиймати 5 миллиард долларлик мингдан зиёд янги лойиҳалар шакллантирилган. Бу орақали 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мақсад қилинган.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ушбу соҳадаги лойиҳалар учун 300 миллион долларлик кредит линияси очиш, банк филиалларидаги консалтинг марказлари орқали тадбиркорларга амалий ёрдам бериш таклифи билдирилган. Президентимиз бунга қўшимча, мазкур банк орқали давлат томонидан 200 миллион доллар ажратиш бўйича кўрсатма берди.
Янги турдаги қурилиш ва пардозлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларига 15 миллиард сўмгача кафиллик берилиши таъкидланди. Шунингдек, бундай корхоналарга миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Бундан ташқари, қишлоқ жойларидаги саноат зоналари ҳамда конлар ва карьерлар учун ер солиғи 10 бараваргача камайтирилади. 500 та норуда қазилмалар кони аукцион орқали сотилиб, уларнинг негизида саноат корхоналари ташкил этилади.
Шундай имкониятлардан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги лойиҳалар эвазига маҳсулот турларини кўпайтириб, импорт ўрнини тўлдириш мумкинлиги қайд этилди.
Бу борада энг самарали йўл – туман ё шаҳарга кириб келаётган импорт таркибини таҳлил қилиб, шу маҳсулотларни ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқаришдир.
Масалан, сўнгги икки йилда 6 мингга яқин кўп қаватли уйлар қурилган бўлиб, уларга ишлатилган материаллар 30 фоизгача четдан келтирилган. Жорий йилда қурилиши режалаштирилган 100 мингга яқин хонадоннинг ҳар бирига камида 20-30 миллион сўмлик электр техникаси, мебель, ошхона буюмлари ва бошқа хўжалик моллари керак.
Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга бозор талабини таҳлил қилиш асосида, иқтисодий самарадорлиги бор бўлган товарларни маҳаллийлаштириш, бундай лойиҳаларни ҳудудлардаги саноат зоналарига оқилона жойлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Қурилиш материаллари тармоғида бўлганидек, бошқа саноат маҳсулотлари бўйича ҳам ихтисослашган туманларни белгилаб олиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллий саноатни ривожлантиришда саноат кооперацияси ҳам жуда муҳим. Хусусан, ўтган ҳафтада Навоий шаҳрида ўтказилган саноат ярмаркасида жами 376 миллиард сўмлик мингга яқин шартномалар тузилган.
Бундай тадбирларни Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллий саноат маҳсулотларининг сифати ҳам бозор талабларига мос келиши шарт. Бу унинг харидоргирлигини, корхонанинг барқарорлигини таъминлайди.
Шу боис “Ўзстандарт” агентлигига 24 та ихтисослашган туманда замонавий лабораториялар ташкил этиб, ишлаб чиқарувчиларни халқаро сифат талаблари ва стандартларга ўргатиш вазифаси қўйилди.
Жорий йил 1 июлдан бошлаб, янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилади. Шунингдек, мажбурий сертификатлаш лозим бўлган қурилиш маҳсулотлари рўйхати 3 бараварга қисқартирилади.
Йиғилишда саноат тармоқлари учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Чунки жойларда замонавий муҳандис ва технологлар етишмаслиги тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.
Шу боис Олий ва ўрта махсус таълим вазирилигига ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда муҳандис ва технологлар тайёрлашни кенгайтириш юзасидан топшириқ берилди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ахборот берди.