Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугунги кунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида Оролбўйида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка Тахтакўпир туманида бугунги кунда 39,4 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, шундан 22,5 минг нафари, яъни 57,2 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Шунингдек 16,9 минг нафар аҳолига муқобил сув манбаларидан махсус техникалар ёрдамида ичимлик суви етказиб берилади.

Ўтган 2020 йилда инвестиция дастурига мувофиқ, бюджет маблағи асосида умумий қиймати 7,3 миллиард сўмлик 26,1 километр сув тармоғини қуриш ва реконструкциялаш, сув қурилмасида марказий лаборатория иншоотини реконструкциялаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, “Ичимлик ва оқова сув тизимини ривожлантириш” жамғармаси маблағи ҳисобидан “Тахтакўпир” сув тақсимлаш қурилмасида умумий қиймати 1,2 миллиард сўмлик, Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,2 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди.

– “Тахтакўпир” сув тақсимлаш қурилмаси реконструкция қилиниши аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишларининг яхшиланишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди туман сув таъминоти филиали мутахассиси Жалғас Пирназаров. Авваллари ушбу сув тақсимлаш қурилмаси авариялик ҳолатда эди. Ўтган йилнинг ўзида туман марказидаги “Мустақиллик” ва “Давр” маҳалла фуқаролар йиғинида 6,7 километр, “Тахтакўпир” овул фуқаролар йиғини “Пишентов” аҳоли пунктига 5,2 километр узунликдаги сув тармоғи тортиб берилди. Шунингдек, Тахтакўпир ва “Жанадарё” овул фуқаролар йиғинларида 11,8 километр узунликдаги сув тармоғи ҳамда иккита сувни чучуклантириш станциясида реконструкция ишлари олиб борилди.

Туман марказидан 150 километр узоқда жойлашган «Қоструба» маҳалла кенгаши фуқаролар йиғини аҳолисига БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Канаданинг маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиялаштирувидаги “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси доирасида жорий йилнинг февраль ойида соатига 500 литр сувни қайта ишлаб чиқарадиган ускуна ўрнатиб берилди.

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув объектларини давлат томонидан тартибга солиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш тизимини такомиллаштиришда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу фармон ижросини таъминлаш бўйича қабул қилинган 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган туман марказлари кесимида ичимлик суви таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш дастури доирасида туманда келгуси йилда битта сувни чучуклантириш ускунасининг ўрнатилиши натижасида қўшимча 600 нафардан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг молиявий ресурслари ҳисобидан 2021 — 2025 йилларда умумий қиймати 4,7 миллион АҚШ доллари эвазига узунлиги 33,9 километр ичимлик суви тармоғида, битта сув қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, кредит ҳисобидан 6,1 миллион АҚШ долларлик 25,3 километр оқова сув тармоғини ва 7 дона оқова сув қурилмасини фойдаланишга топшириш назарда тутилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 81,5, оқова сув хизмати билан таъминланганлик 53,7 фоизга етказилади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА