Жорий йил октябрда бўладиган улкан сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари талабига тўла жавоб берадиган миллий сайлов қонунчилигимиз асосида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш Марказий сайлов комиссияси олдида турган муҳим ва масъулиятли вазифадир.
Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси эълон қилингунга қадар амалга оширилиши лозим бўлган энг долзарб вазифалар ижросига жиддий эътибор қаратган. Сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш учун сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндашилади.
Шу жиҳатдан МСКнинг бугун бўлиб ўтган йиғилишида Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомхўжаев олиб борди.
Марказий сайлов комиссияси яқинда қабул қилган ва ижросига жадал киришилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш ва тайёрлашга доир муҳим вазифалар белгиланган эди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича кўникма ва малакасини, сайлов жараёнлари соҳасидаги ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга йўналтирилган.
– Миллий сайлов амалиётимиздан ҳам, хорижий давлатлар сайлов амалиётидан ҳам бизга яхши маълумки, сайлов жараёнидаги асосий бўғин бу сайлов участкаларидир, – дейди Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов. – Нега деганда мамлакатимиз мисолида олиб қарасак, 20 миллион атрофидаги сайловчимиз сайлов куни бевосита сайлов участкасига бориб, ўзлари муносиб деб билган номзод учун овоз беради. Сайлов участкасида сайловчилар ўз хоҳиш- иродасини эркин ифода этишига, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар эмин-эркин кузатувни амалга оширишига қанчалик қулай шароит ва имконият яратилган бўлса, ушбу сайловлар очиқ-ошкора, қонунийлик, холислик ва ошкоралик принципларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этилса, халқимиз давлатдан ҳам, жамиятдан ҳам рози бўлади. Бу ўз навбатида халқаро кузатувчилар томонидан ҳам ижобий баҳоланиши ва эътироф этилиши табиий. Бунинг учун нима қилиш керак? Энг аввало, мазкур сайлов участкаларида фаолият юритадиган участка сайлов комиссиялари аъзолари миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиши керак.
Жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич ташкилий-услубий ишларни қамраб олади. Бунда ўқув режалари ва ўқув-услубий материаллар тайёрланади, тренерлар таркиби шакллантирилади, “Saylov-2021” мобиль иловаси ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда сайлов қонунчилиги бўйича тренерлар ва сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг (аъзоларни) малакасини ошириш ва тайёрлаш режалаштирилган. Учинчи босқич сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида ишлаш бўйича тренерлар ва сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тайёрлашни назарда тутади.
Машғулотларда замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усулларга эътибор кучайтирилиб, симуляция, сайлов жараёнларини моделлаштириш, видеодарс, видеоролик, сайловга оид савол-жавоблар, тест усуллари фаол қўлланилади.
Таъкидлаш жоизки, Концепцияни ишлаб чиқишда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича Миссияси Якуний ҳисоботида ўз ифодасини топган мақбул тавсиялар ҳисобга олинган.
Жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилишнинг, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишда сайловчилар рўйхати билан ишлаш, шу жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби ҳақидаги машғулотлар ҳам ўрин олган. Кенг кўламдаги тушунтириш ишлари сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловга оид билим ҳамда кўникмаларининг ошиши, шунингдек, сайлов тизими ва амалиётининг янада такомил топишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси ўртасида мазкур концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик юзасидан келишув имзоланди.
Нурилло Насриев,ЎзА