23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференцалоқа орқали Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “С5+1” шаклидаги навбатдаги учрашувида иштирок этди.
Учрашувда Қирғиз, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон Республикалари Ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котиби қатнашди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иқтисодиёт, минтақада хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда Афғонистонда мустаҳкам тинчликка эришишга кўмаклашиш йўналишларидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини чуқурлаштириш, минтақада барқарорликни таъминлаш ва унинг иқтисодий тараққиётига эришиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланиши қайд этилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари иқлим ўзгариш таҳдидларини самарали ҳал қилиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига тўхталди. Вазир тадбир иштирокчилари диққатини Орол денгизи фалокатининг Марказий Осиёдаги экотизим ва биохилма-хилликка кўрсатаётган салбий таъсирига қаратди. Шу нуқтаи назардан Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича БМТ шафелигидаги кўпшериклик Траст фонди доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришнинг муҳимлиги эътироф этилди.
Қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари ва экологик барқарор инновацияларни жорий этиш, сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш ва сувни тежовчи технологияларни қўллаш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
А.Комилов Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларини жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияга таклиф қилди.
С.Раҳимов, ЎзА