Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Уни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.

Дастлаб 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Бу бўйича Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ахборот берди.

Таъкидланганидек, жорий йилдаги давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, унинг ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 триллион сўм, 2,6 миллиард АҚШ доллари ҳамда 57,5 миллион еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Биринчи чоракда ижроси таъминланиши белгиланган 41 та топшириқнинг 32 таси тўлиқ бажарилган.

Ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида дастурда ижро муддати келмаган 15 та банддаги вазифалар бажарилиши таъминланган.

Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103 фоизни ташкил қилган. Савдо айланмаси ҳажми 46,7 триллион сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 102,8 фоизга ўсган. Давлат бюджети ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 18,2 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 фоизга ошган.

Ҳар бир туман (шаҳар)да “Ёшлар дастурлари” ижроси тизимли йўлга қўйилиб, 271 минг 495 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланган. 62 минг 441 нафар ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган ҳамда 27 минг 236 нафар ёш “1+1” лойиҳаси асосида тадбиркор ва уста-ҳунармандларга бириктирилган.

Янги ташкил қилинган “Ёшлар жамғармалари” маблағларидан 17 миллиард 504 миллион сўм маблағ сарфланиб, “Ёшлар дафтари”га кирган 24 минг 904 нафардан ортиқ ёшнинг муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилган.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 660 минг доза AstraZeneca ва 1 миллион доза ZF-UZ-VAK 2001 вакцинаси олиб келинган. Эмлаш ишларини амалга ошириш учун республикада 3 минг 138 та пункт ва 862 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, дастурда ижроси I чоракда таъминланиши белгиланган баъзи топшириқлар ўз вақтида бажарилмаган. Жумладан, давлат дастурининг 145-бандида 1 мартга қадар аҳолининг минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш вазифаси қайд этилган бўлиб, мазкур банд ижроси юзасидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Дастурнинг 120-бандида 20 мартга қадар  қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ерларни бозор активларига айлантириш ҳамда ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши белгиланган. Бироқ мазкур топшириқ бажарилмаган. Шунингдек, айрим ҳужжатлар лойиҳалари ижрочилар томонидан ўз вақтида ишлаб чиқилмаганлиги ҳудудларда шу йўналишдаги ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам таъкидланди.

Ҳозир юртимизда 1 миллион 600 минг аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилаётган бўлса, шундан 805 мингдан ортиғини 16-30 ёшдаги ишсизлар ташкил этади. Шунингдек, 2021 йилда меҳнат бозорига жами 560 минг битирувчи кириб келади. натижада жорий йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 миллион 365 мингдан ортиқни ташкил қилади.

Дастурнинг 261-бандидаги хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш тизимини тубдан ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар каби масалалар юзасидан мутасаддилар жавоблари эшитилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА