Нукусда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли академик лицейлар ўқувчилари ўртасида «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» спартакиадаси якунланди.

Иштирокчилар уч кун давомида кўп кураш, енгил атлетика ва мини футбол бўйича баҳслашди.

Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси З.Реймова ва бошқалар ғолибларни қўлга киритганларни ғалабаси билан қутлади.

Мусобақа якунида 9 мм “Макаров” пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича, Қорақалпоқ академик лицейи терма жамоаси, тўсинда тортилиш бўйича, Жиззах академик лицейи терма жамоаси, куч ишлатиш бўйича Хоразм академик лицейи терма жамоаси, граната улоқтириш бўйича Тошкент вилояти академик лицейи терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, енгил атлетикадан Тошкент шаҳар 1-сон академик лицейи терма жамоаси биринчи, Қорақалпоқ академик лицейи терма жамоаси иккинчи, Самарқанд академик лицейи терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Мини футбол бўйича биринчи ўрин Қорақалпоқ академик лицейи терма жамоаси, иккинчи ўрин Бухоро академик лицейи терма жамоаси, учинчи ўрин Тошкент шаҳар 2-сон академик лицейи терма жамоасига насиб этди.

– Қонликўл туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактабида 1-синфдан бошлаб каратэ билан мунтазам шуғулланганим мусобақада ижобий самарасини берди, – дейди Қорақалпоқ академик лицейи ўқувчиси Навбаҳор Даниярова. – Спартакиада 9 мм “Макаров” пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғишда иккинчи ўрин насиб қилган бўлса, граната улоқтиришда қизлар ўртасида биринчи ўринни эгалладим.

Барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ашула ва рақс ансамбли аъзолари, Қорақалпоғистон санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА