Бошоқли дон экилган майдонларда экин ҳолатини инобатга олган ҳолда баргидан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, суғориш, озиқлантириш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш юқори ва сифатли ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 2021 йил ҳосили учун жами 3800 гектар майдонга бошоқли дон экилган. Туманда бугунги кунга биринчи суспензия сепиш ишлари тўлиқ якунланиб, иккинчиси давом этмоқда. Ушбу ишларга 41та пуркагич, шундан 37 та ОВХ, 4 та штангали техникадан фойдаланилмоқда.
Суспензияни вақтида, яъни майсалар тўлиқ найчалаш босқичига кирганда ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки ғаллани баргидан озиқлантириш ҳосилдорликни 3-5 центнерга оширади ва дон сифатини яхшилайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, пуркаш ишлари ўтказилаётганда ҳаво очиқ бўлиши керак. Ҳарорат 18-25 градус атрофида ва намлик 65 фоиздан кам бўлмаган миқдорда кўзланган натижага эришилади. Ёғингарчилик эҳтимоли бўлганда пуркаш ишларини камида 4 соат олдин якунлаш ёки ёмғир тугашини кутиб, ўсимликлар қуригандан сўнг амалга ошириш зарур.
– Шуни ҳисобга олган ҳолда фермерларнинг илиқ об-ҳаводан унумли фойдаланиб, суспензия ишларини кечиктирмай амалга ошириши назорат қилиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Беруний туман бўлими инспектори Ж.Тореев. – Жумладан, пуркагичларнинг ишга чиқмаслик сабаби аниқланганда, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига нисбатан огоҳлантириш таъсир чоралари кўрилмоқда.
Туманда мазкур муҳим агротехник тадбир давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА